Андижонда

ТАЪЛИМ-ТАРБИЯГА БАРЧА МАСЪУЛ – АНДИЖОНДА СУДЬЯЛАР МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИЛАР


22.04.2022   396

Бугун мактабларда таълим-тарбия сифатини ошириш фақат Халқ таълими вазирлигининг эмас, барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифасидир. Бу ҳақда давлат раҳбари раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланган эди. Зотан, мамлакат келажаги билимли ёшларга боғлиқ экан, таълимга барча эътибор ва ресурсларни жалб этиш ҳамиша кун тартибида бўлмоғи даркор.


Андижон шаҳридаги 6-, 7-умумтаълим мактабларида вилоят судининг судьялари Абдулҳаким Тўраев, Нодирбек Мирзажонов, Носиржон Расулов томонидан ўқувчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбатларида ҳам асосий эътибор йигит-қизларнинг пухта билим эгаллашлари, қайси соҳани танламасин, малакали кадр сифатида жамиятда ўз ўрнини топишлари муҳим эканлигига қаратилди.

Албатта, ўқувчилар орасида ҳуқуқшунос бўлишни мақсад қилганлари ҳам йўқ эмас. Учрашувда ана шундай орзу-ниятдаги ёшларга ҳам сўз берилди, судьялар уларни қизиқтирган саволларга содда, ҳаётий мисоллар асосида жавоб қайтардилар. Таъкидландики, бир касб ёки ҳунарнинг бошидан тутиб, яхши мутахассис бўлишнинг биргина йўли бор: бу тинмай ўқиб-изланиш, чуқур билим олиш ва танланган касбга меҳр қўйишдир.

Ҳар икки мактабда ўтган мулоқотлар ёшларда катта қизиқиш уйғотиб, илм-маърифатга руҳлантирганлиги билан эсда қоларли бўлди.