Атрофга назар

Тарихий ҳақиқатлар тилга кирганда


14.02.2026   56

Юртимиз номини, Андижонни жаҳонга машҳур этган Бобур Мирзо номи шоҳ ва шоир, давлат арбоби, моҳир саркарда, инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган шахс сифатида асрлар оша неча-неча авлодлар қалбида яшаб келмоқда.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавияти, маданиятини юксалтиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим. Шу маънода ҳар бир юртдошимиз, хусусан, ёшлар Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “зоду буд”ини яхши билишлари муҳим.

Мумтоз сўзларимиздан бири “зоду буд” бирикмаси “туғилиб ўсган жой” маъносини англатади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобоси амир Темурнинг туғилган жойи ҳақида ёзар экан: “Темурбекнинг зоду буди Кешдин учун, шаҳар ва пойтахт қилуриға кўп саъй ва эҳтимомлар қилди, олий иморатлар Кешта бино қилди”, - деб ёзади. “Бобурнома” асарининг “Вақоиъи санайи исно ашара ва тисъа миа” – тўққиз юз ўн иккинчи – 1506-1507 йил воқеалари баёнида ўзи туғилиб ўсган жойи – “зоду буди” ҳақида шундай фикр юритади:

“Султон Саъидхон Кошғар хони беш-олти оёқ-яланг била келди, туққон иниларимдек кўруб Ламғон туманларидин Мандировор туманини бердим. Шоҳ Исмоил Шайбонийхонни Марвда олғонда Қундузғаким ўттум, Андижон вилояти менинг сори боқиб, баъзи доруғаларини қавлаб, баъзи ерларини беркитиб, манга киши йибордилар. Мен Султон Саъидхонға бори навкарларимини топшуруб, кўмак қўшуб, зоду буд Андижон вилоятини бағишлаб, хон қилиб йибордим”. Бобур “зоду буд Андижон вилоятини” Султон Саъидхонга нисбатан ёзмоқда, дея шубҳаланиб, янглиш фикрга келинмаслиги учун аниқлик киритайлик: Султон Саъидхон – Кошғар хони, тўлиқ исми Султон Саидхон Абул-Фатҳ. У 1487 йилда Шинжон-Уйғурнинг Турфан шаҳрида туғилган, мўғул хони Чингизхоннинг авлоди, Олачахон номи билан танилган Султон Аҳмадхоннинг учинчи ўғлидир.

Равшан бўладики, Бобур “зоду буд Андижон вилоятини” деб ёзганида ўзи туғилиб ўсган муқаддас замин – Андижон эканини таъкидлайди. Дунё бобуршунос олимлари, жумладан, Беке Громон, Рашид Раҳмати Арат, Азиз Қаюмов, Саидбек Ҳасан ва бошқалар Бобурнинг туғилиб ўсган жойи Андижон эканлигини эътироф этадилар.

Бобур ғазалларининг бирида:

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур чун жони Бобурнинг,

Ғарибингга тараҳҳум айлагилким Андижонийдур,

деб ёзади.

Ушбу мисралардаги сўнгги сўз икки хил маънода келган. Биринчи маъноси “андижонлик” бўлса, иккинчи маъноси “анда жон” (“жон у ерда”)дир.

Тарихчи олим, Бобур номидаги Халқаро жамғарма илмий экспедициясининг фаол аъзоси Сайфиддин Жалилов “Андижон” тарихий-ўлкашунослик очерки китобида: “Фарғона ҳукмдори Умаршайх хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойларини Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини пойтахти Андижонда ўтказарди. 1483 йил февраль ойида Умаршайх хонадонида Фарғона мулкининг бўлғуси ҳокими Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёга келади”,- деб ёзади.Умаршайх оиласининг ёз фасллари Ахсида, қолган вақт Андижонда бўлгани назарга олинса, Бобур Андижонда, арк ичида туғилгани ўз-ўзидан равшан бўлиб қолади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Халқаро жамғарма илмий экспедицияси раҳбари Зокиржон Машрабов ҳамда экспедициянинг фаол аъзоси Собиржон Шокаримов ҳаммуаллифлигида ёзилган “Асрларни бўйлаган Бобур” китобида шундай маълумот келтирилади: “Ҳижрий 888 йил муҳаррам ойининг 6-кунида (мелодий 1483 йил 14 февраль) Умаршайх Мирзо ўғил фарзанд кўрди. Ўша давр уламоларидан бўлмиш Мавлоно Мунирхожа Марғилонийдан чақалоққа исм қўйиб беришни илтимос қилишади. Мавлоно Мунирхожа исломдаги исм қўйиш одатига кўра, китобдан муҳаррам ойининг олтинчи кунини аниқлаб, “Заҳириддин Муҳаммад” деб исм қўяди. Юнусхон ва Эсон Давлатбегим (Бобурнинг катта онаси) ғоят суюкли набирасини Бобур (Йўлбарс) деб аташади. Сарой кишилари уни Заҳириддин Бобур Муҳаммад деб атар эдилар”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да энг аввал Фарғона вилояти таърифини, сўнг ўз туғилган жойи – Андижон таърифини келтиради: “Етти пора қасабаси бор: беши Сайҳун суйининг жануб тарафида, икки шимоли жанубида. Жанубий тарафидаги қасабалардан бири Андижондурким, васатта воқе бўлубтур, Фарғона вилоятининг пойтахтидур. Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас. Андижоннинг ношпотисидин яхшироқ ношпоти бўлмас. Мовароуннаҳрда Самарқанд ва Кеш қўрғонидин сўнгра мундин улуғроқ қўрғон йўқтур. Уч дарвозаси бор. Арки жануб тарафида воқиъ бўлубтур. Тўққиз тарнов сув кирар. Бу ажабтурким, бир ердин ҳам чиқмас. Қалъанинг гирдо- гирди хандақнинг тош ёни сангрезлик шоҳроҳ тушубтур. Қалъанинг гирдо-гирди тамом маҳоллоттур...”

Арк — бу ҳукмдор, унинг оиласи яшаши учун мўлжалланган сарой ва мустаҳкам ҳудуддир. Арк давлат ҳокимиятининг рамзи, сиёсий қарорлар қабул қилинадиган жой бўлиб хизмат қилган. Унинг архитектураси сарой, сиёсий марказ ва ҳарбий мустаҳкамлик сифатида ишлаган. Арк ичида ҳукмдорнинг оила аъзолари яшаган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам Андижонда – арк ичида дунёга келгани, шубҳасиздир.

Давлатимиз раҳбари 2025 йилда вилоятимизга ташрифи доирасида Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри номини беришни таклиф қилганлиги улуғ аждодимизга юксак эҳтиром намунаси бўлди. Президентимизнинг “Ишончим комилки, бу ташаббус ҳар томонлама халқимизнинг кўнглидаги иш бўлади. Нега деганда, ҳазрати Бобур – жаҳон тарихида камдан кам учрайдиган шундай беназир, улуғ зотки, унинг шарафига нафақат кўча ва майдонлар, боғу роғлар, балки алоҳида шаҳар бунёд этсак, албатта, арзийди”, деган гаплари келажак авлод вакилларига Бобур маънавий-ижодий меросини чуқур ўрганишларига қанот бўлади.

Кези келганда, бизнинг институтнинг ҳам илмий салоҳиятга эга катта жамоаси Бобур илмий-ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш устида изланишлар олиб бораётганлигини таъкидлашни хоҳлардим.

Бахтиёр РАСУЛОВ,

Андижон давлат педагогика институти ректори.