Атрофга назар

“Темур тузуклари” – буюк салтанатнинг Конституцияси


09.04.2025   948

Амир Темур ва темурийлар даври давлатчилиги, маънавияти ўзининг салоҳияти, мазмуни, тарбиявий кучи ва таъсири билан халқимиз тарихида алоҳида ўрин тутади.

Темурийлар даврида фан, маданият ва таълим юксак равнақ топганлиги тарихий манбаалардан маълум.Амир Темур жаҳон тарихида қудратли ва гуллаб-яшнаган давлат барпо этган буюк саркарда ва давлат арбоби сифатида юксак мавқега эга.

“Темур тузуклари” – Амир Темурнинг ҳарбий ва сиёсий фаолиятидан маълумот берувчи тарихий асар. У 2 қисмдан иборат. Биринчи қисмда Амир Темурнинг таржимаи ҳоли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, унинг Мовароуннаҳрда марказий ҳокимиятни қўлга киритиши, сиёсий тарқоқликка барҳам бериши, марказлашган давлат тузиши, ҳарбий юришлари, улкан салтанатини мустаҳкамлаш учун турли ижтимоий табақаларга нисбатан қандай муносабатда бўлгани буюк соҳибқирон тилидан ихчам тарзда баён этилган.

Иккинчи қисм машҳур Жаҳонгирнинг фарзандларига аталган ўзига хос васият, панднасиҳатлари ва ўгитларидан иборат. Унда давлатни идора этиш, армия тузиш ва жанг олиб бориш қоидалари, мамлакатни бошқариш тартиби ва бошқалар хусусида гап боради.

“Темур тузуклари” нинг фанда қайд этилган илк нусхаси эски ўзбек тилида битилганлиги маълум. Бугунги кунда “Темур тузуклари”нинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари дунё бўйлаб кенг тарқалган. Ушбу ноёб асарни жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида, жумладан, Буюк Британия, Франция, АҚШ, Россия, Финляндия, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман кутубхоналаридан топса бўлади. Мамлакатимизда ҳам мустақиллик йилларида “Темур тузуклари” қайта-қайта нашр этилаётгани таҳсинга лойиқ.

“Тузук” сўзининг луғавий маъноси қонун-қоидалар тўплами, низом, деган маъноларни англатади. Атоқли рус олими Д.Логофет “Темур тузуклари”ни ўрганиб, унга Туркистонда Европадан 500 йиллар олдин вужудга келган Конституциявий кодекс, бошқача айтганда, Амир Темур салтанатининг Конституцияси, деб юксак баҳо берган.

“Темур тузуклари” асосан тожу тахт соҳиблари учун муҳим қўлланма ҳисобланган. Шунинг учун ҳам ҳукмдорларнинг аксарияти бу асардан нусха кўчиртириб, шахсий кутубхонасида асраган ва давлат сиёсий фаолиятида муҳим йўл-йўриқ сифатида фойдаланган. Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлоди Шоҳ Жаҳон (1628—1657), Қўқон хони Муҳаммад Алихон (1821—1842) ва Бухоро амири Абдулаҳадхон (1885—1910) моҳир котибларига буюриб, “Темур тузуклари”дан ўзлари учун нусха кўчиртирганлар.

“Салтанат ишларини қонун ва қоидалар, тўра ва тузукка солиб, салтанатим мартабаю эътиборини сақладим”, дейилади “Темур тузуклари”да ва салтанат обрў-мартабасини сақлашга доир қуйидаги тўртта асосий тузук санаб ўтилади.

“Биринчидан, салтанатим қонун-қоидаларини ислом дини ва кишиларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад)нинг шариатига боғлаб, иззату ҳурматлаш вожиб бўлган онҳазратнинг авлоди ва саҳобаларига муҳаббат билдириш асосида туздим. Салтанатим мартабасини тўра ва тузуклар асосида шундай сақладимки, унинг ишларига аралашишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди.

Иккинчидан, сипоҳу раиятни умид ва қўрқув орасида сақладим. Дўст-душманни муросаю мадора мартабасида тутдим.

Учинчидан, ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмадим. Иш кўрган, синалган, шижоатли эр-йигитларни қошимда тутдим. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳим доим очиқ эди.

Тўртинчидан, очиқ юзлилик, раҳм-шафқат билан халқни ўзимга ром қилдим. Адолат билан иш юритиб, жабр-зулмдан узоқроқда бўлишга интилдим”, деб қайд этилади асарда.

27 мамлакатдан таркиб топган буюк салтанат асосчиси Соҳибқирон Амир Темур ибн Тарағай йирик давлат арбоби, моҳир дипломат, улуғ саркарда, илму маданият ҳомийси, ҳақ ва адолатнинг жасоратли яловбардори сифатида миллий давлатчиликда, ҳуқуқ ва сиёсат соҳасида ўзидан унутилмас ва барҳаёт таълимотлар, тузуклар қолдирган.

Эъзоза ЖАББОРОВА,

Қўрғонтепа туманидаги 53-мактаб ўқитувчиси