Атрофга назар

ТИЛ ВА КАСБ ЎРГАТИШ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПОЙДЕВОРИ


02.03.2023   516

Ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, билимли, юксак маънавиятли, баркамол шахс,рақобатбардош мутахассисбўлиб етишишини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг энг асосий бўғини мактаб ўқувчиларига бир нечачет тилларини ўргатиш ҳамдакасбга йўналтириш орқали мустақил ҳаётга тайёрлаш ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 6 ноябрдаги Фармонида “Мамлакат тараққиёти учун янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларни тайёрлаш,таълим ташкилотлари битирувчилари замонавий касб эгалари бўлишлари учун уларда зарур кўникма ва билимларни шакллантириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш” белгилаб қўйилган.

Жумладан, 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказиш, касб-ҳунарга бўлган қизиқишини аниқлаш ва уларнинг маълумотлар базасини яратиш, ҳар ойда бир марта “Касблар оламига саёҳат” мавзусида махсус курслар олиб бориш;

-8-синф ўқувчилари учун ҳар чоракда камида бир маротаба “Менинг келажакдаги касбим” мавзусида семинар-тренинглар олиб бориш ҳамда ўқувчиларни келажакда эгалламоқчи бўлган касбларга йўналтириш;

- 9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган педагогик-психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб бориш зарур.

Давлатимиз раҳбари жори йилдаги халқимизга Мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланган эди. 2023 йилнинг 20 январ куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишда ҳам соҳадаги муаммолар таҳлил қилинди.

Сўнгги йилларда таълимга, ўқитувчиларга эътибор ошди, олий таълимда қабул сони ва йўналишлар кўпайди. Лекин мактаблардаги сифат ҳали талаб даражасига чиққани йўқ. Масалан, 11 йил мактабда ўқиган бола чет тилини мукаммал билмайди. Шароит ва мутахассислар йўқлиги сабабли ёшларни касбларга қизиқтириш муҳити шаклланмаган. Мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келмоқда.Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо эканлигинитаъкидладиШавкат Мирзиёев[1].

Дарҳақиқат, чет тилларини чуқур ўрганиш таълим олувчилар учунхалқаро майдонга кенг йўл очади. Шунинг учун ҳам жадид боболаримиз, хусусан,Маҳмудхўжа БеҳбудийХХ аср бошларидаёқ“Икки эмас, тўрт тил керак “мақоласида ёшларни турли тилларни ўрганишга чақиради вашундай ёзади: “Бу замон тижорат иши, саноат ва мамлакат ишлари, ҳатто, дини ислом ва миллатга хизмат илмсиз бўлмайдур”.

Маърифатпарвар шоир Аваз Ўтар эса тил “робитайи олам”, яъни оламни билиш воситаси эканлиги, ёшлар ғайри(чет) тиллариниона тилидек билишга ғайрат қилишларикони фойдалигини ёзган эди .

Дунёдаги 60 га яқин давлатларда инглиз тили давлат тили ҳисобланади ҳамда энг кўп ўрганиладиган хорижий тил ҳам инглиз тили эканлиги сир эмас. Мамлакатимизда чет эллик ҳамкорлар билан ташкил этилаётган кўплаб корхоналардачет тилини билувчи кадрларга эҳтиёж катта. Чет тилларини сифатли ўргатиш учун мактабларга “тил эгаси” бўлган педагогларни жалб қилиш, Президент мактабларининг тил ўргатиш тажрибаси, дарслик ва дастурларини татбиқ этиш, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда иккичет тилини жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Умуман олганда, ёшларимизга БМТнинг 6 та расмий тилидан камида иккитасини тўлақонли билиш имкониятини ярата олсак, албатта уларни келажакдаги муваффақиятларига мустаҳкам пойдевор яратиб берган бўламиз.

Касб танлаш мактаб битирувчилари ҳаётидаги муҳим ва масъулиятли босқич бўлиб, касбий фаолият соҳасини аниқлаш ижтимоий доира, турмуш тарзи, меҳнат муҳити ва бошқалар бўйича инсон келажагини белгилаб берувчи асосий омиллардан бири. Касбга йўналтириш ишлари ўқувчиларни ўзини-ўзи англашга ва касбий ривожлантиришга қаратилган педагогик фаолият бўлиб, ҳозирги ва келажакнинг ўзаро таъсирини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир. Касбга йўналтириш ишларини тўғри ташкил этишда фан ўқитувчиларидан нафақат ўқувчининг қобилияти, иқтидори ва характер хусусиятларини билиш, балки педагогик маҳорати, дунёқараши, йўқолиб бораётган, мавжуд ва келажак касблари, меҳнат бозори эҳтиёжлари тўғрисидаги билимлари талаб этилади. Меҳнат бозори жамиятдаги ўзгаришлар ортидан ўзгариб бормоқда: баъзи касблар йўқолиб кетмоқда, айримларнинг мазмуни ўзгармоқда, шунингдек, янги касблар ҳам пайдо бўлмоқда.Замонавий касб эгалари қуйидаги компетенцияларни эгаллашлари талаб этилади:

1. Тилларни ва маданиятни билиш. Агар инсон кенг доирада ишламоқчи ва ҳамкорлик қилмоқчи бўлса, у бир неча тилларда сўзлаша олиши керак. Инсон бошқа тилни билишдан ташқари, қайси маданият вакиллари билан алоқада эканлигини тушуниши керак. Айни пайтда турли бир неча тилларни мукаммал эгаллаган мутахассисларга талаб катта бўлмоқда.

2. Жамоада ишлаш. Ҳозирги пайтда ишнинг асосий тамойилларидан бири “раҳбарлар йўқ – барча баробар” горизонтал бошқарувига устуворлик берилмоқда. Шунинг учун мутахассис учун жамоада ишлай олиш жуда муҳим фазилатларидан бири ҳисобланади.

3. Ижодий фикрлаш. Катта ҳажмдаги маълумот билан ишлай олиш зарурлигини англатади: биринчидан, ушбу ахборотни қидириш, иккинчидан, уни қайта ишлаш. Чунки, компьютер касбий фаолиятдаги ижодкорликни ҳеч қачон сиқиб чиқара олмайди.

4. Ўзини-ўзи бошқариш. Келажакда малакали мутахассис бўлиш учун янги нарсаларни ўрганиш, ўз-ўзини ривожлантириш билан шуғулланиш лозим. Ўзини-ўзи бошқариш нафақат ўз устида ишлашни, балки диққатни жамлаш, керак бўлганда завқланишни ўрганиш учун дам олиш қобилиятини ҳам англатади.

5. Ўзгаришларни бошқариш. Ҳар қандай мутахассис янги шароитларга мослаша олиши керак. Шу йўл билан мутахассис замон билан ҳамнафас бўлиб, ҳамкасбларига нисбатан юқори натижаларга эриша олади.

Бугунги кунда Андижон вилоятида 7000 дан ортиқ ўқувчи – ёшлар Президент, ижод ва 13та ихтисослаштирилган мактабларда таҳсил олмоқда. Бу мактабларда график дизайн, робототехника, заргарлик, IT, медиа, актёрлик маҳорати, рақамли санъат каби тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Бу тўгараклар мактаб битирувчиларинингкўникма ва малакашакллантиради, келгусида малакали мутахассис бўлишлари учун етарли замин яратади,ўқувчиларни ахборот технологиялари ва “креатив индустрия” бўйича замонавий касбларга ўргатишгаёрдам беради.

Бутун дунё меҳнат бозорида талаб қилинадиган касблар рўйхатига қуйидагилар киритилган: дастурчи, дастур тузувчи, 3Д дизайнер, веб-дизайнер, техник дизайнер, турли соҳа муҳандислари, маркетолог, PR ва контент менежери, рақамли хавфсизлик мутахассиси, шифокор, ўқитувчи, биоинженер, фермер,агроном ва бошқалар.Шуни ҳисобга олган ҳолда, келгусида шаҳар, туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлашда мактаб жамоасигаёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилади, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилади.

Умумтаълим муассасалари битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олса, камида иккита чет тилини билса, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топади, касбий фаолиятда муваффақиятга эришади, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшадилар.

Расулжон КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари

агентлиги Андижон вилояти ҳудудий

бўлими бошлиғи