Атрофга назар

ТУШУНАРСИЗ ТАРЖИМА КИТОБЛАР -


23.11.2023   695

китобхонлар энсасини қотираётган муаммо

Бугун китоб савдоси расталарида исталган дунё адабиёти дурдоналарини топиш мумкин. Ўқимоқчи бўлган китобларимиз қайси мавзуда бўлмасин, агар ўзбек тилига таржима қилинган китоб бўлса, ўша китобни сотиб олишдан олдин исталган бетини очиб ўқиб кўришга ўрганганман. Сабаби, таржима ҳамиша ҳам соф ва моҳиятни сақлаб қолинган тарзда бўлавермайди. Бунга кўп бор амин бўлганман. Шунинг учун ҳам тушунарли тарзда таржима қилинганига ишонч ҳосил қилганимдан сўнгина ҳаридни амалга ошираман. Сизга ҳам шуни тавсия қиламан, китобхон дўстларим.

Сўнгги йилларда ўз тилимизга таржима қилинаётган китобларнинг салмоғи кенгаяётганлиги қувонарли ҳолат, албатта. Аммо шу ўринда аччиқ ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди: бугун кўплаб китоблар таржимасининг савияси пастлаётгани ҳам рост.

Таржимаси ўхшамай қолган китоблар кўпчилик китобхонларнинг энсасини қотириши турган гап. Сиз ҳам бирор марта бўлсин, шундай ҳолатга тушганмисиз?

Қайсидир каналда ўқиб қолдим. Канал муаллифи “маркетинг отаси” дея тан олинган Филип Котлер исмли маркетологнинг “Маркетинг А дан Я гача” номли асари хусусида сўз юритган. У қуйидагича ёзади:

“Эътоборсизлигим туфайли, одатдан ташқари тарзда бу китобни таржимасини ўқиб кўрмай сотиб олибман. Уйга келгач ўқишни бошладим, қани энди тушунолсам. Бир жумлани қайта-қайта ўқидим фойдаси бўлмади.

Ҳудди “Мен бу ерларни беш қўлдек биламан” иборасини “Мен бу ерларни беш бармоқдек биламан” дегандек таржима қилинган. Ғайрат қилиб зўрға олтмиш бетлар атрофида ўқидим-да, китобни ёпдим.

Мобил қурилмам орқали интернетдан ушбу китобнинг инглиз тилидаги асл нусхасининг электрон шаклини юклаб олиб ўқидим. Мана энди нима ҳақида ўқиётганимни тушундим.

Назаримда, китоб таржимаси учун фақатгина таржима қилинаётган тилни эмас, балки қайси тилга таржима қилиняпти, уни ҳам яхши ўзлаштириш керак”.

Бу бир мисол. Айни масалада биз каби муаммога дуч келаётганлар кўпчиликмиз. Тилни билсангизку, ўзбекчага таржима қилинган асарни мутолаа қилишда тушунарсиз жумлага тўғри келсангиз, асл асарга бир қур назар ташлаб мазмунни чиқариб олаверасиз. Аммо тил билмайдиганлар-чи, улар адибни сўз салоҳиятини нотўғри баҳолаб ўқиб қўяверишадими таржима китобни?1

Агар сиз билан биз шу каби тушунишга қийин бўлган таржима китобларни ўқишни камайтирсак, бозор талабига кўра майдонда тушунишга осон ва ҳатто аслиданда мазмунлироқ таржима китоблар кўпаяди, деб ўйлайман.

Сиз-чи, сизнинг фикрингиз қандай?

Аслида таржима китобларнинг савиясини оширадиган қандай ташаббусларни илгари суриш керак?

Зилола РАҲМОНОВА