ЎПКА САЛОМАТЛИГИ — ҲАЁТ СИФАТИ КАФОЛАТИ
24.03.2026 37
Бугунги кунда ўпканинг сурункали носпецифик касалликлари ҳамда сил касаллиги аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши билан алоҳида аҳамият касб этади. Бу касалликлар нафақат инсоннинг меҳнат қобилиятига, балки унинг ҳаёт сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу боис уларни эрта аниқлаш, олдини олиш ва ўз вақтида даволаш масаласи айни давр тиббиётининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Ўпканинг сурункали носпецифик касалликларига сурункали бронхит, бронхиал астма, ўпкадаги турли яллиғланиш жараёнлари киради. Улар дастлаб енгил аломатлар билан бошланиши мумкин, аммо вақт ўтиши билан нафас йўлларининг фаолияти сезиларли даражада пасаяди. Яъни, беморларда нафас қисиши, узоқ давом этувчи йўтал, чарчоқ, иш қобилиятининг сустлашиши каби ҳолатлар кузатилади. Энг хавфли жиҳати - бу касалликлар даволанмаса ёки назорат қилинмаса, сил касаллиги ривожланиши учун қулай муҳит яратиши мумкин.
Маълумки, сил хасталиги ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган юқумли касаллик бўлиб, унинг қўзғатувчиси — бактерия ҳисобланади. Ушбу бактерия 1882 йилда немис олими Robert Koch томонидан кашф этилган. Силнинг асосий хавфи унинг яширин кечиши ва кеч босқичларда аниқланишидир. Беморда узоқ вақт давом этувчи йўтал, қон аралаш балғам, тунда терлаш, вазн йўқотиш каби белгилари пайдо бўлиши мумкин. Агар ўз вақтида ташхис қўйилмаса, касаллик нафақат беморнинг ўзига, балки атрофдагиларга ҳам юқиши эҳтимоли юқори.
Албатта, замонавий тиббиётда ўпка касалликлари ва силни барвақт аниқлашда скрининг жуда самарали. Кўп ҳолларда касаллик дастлаб ҳеч қандай яққол аломатларсиз кечгани боис скрининг уни эрта аниқлайди. Мазкур текширувлар касалликни эрта босқичда аниқлаш, оғир асоратларнинг олдини олиш, даволаш самарадорлигини ошириш, касаллик тарқалишини чеклашда муҳим.
Айтиш жоиз, ўпка касалликларини аниқлашда флюорография ва рентген текширувлари, балғам таҳлили, лаборатория диагностикаси, зарур ҳолларда компьютер томографияси ўтказилади. Булар орқали ўпкадаги яллиғланиш жараёнлари, тўқималардаги ўзгаришлар ҳамда сил касаллигининг дастлабки белгилари аниқланади. Энг муҳими, бу усуллар касалликни ҳали клиник белгилар намоён бўлмасидан олдин ҳам аниқлаш имконини беради.
Мутахассислар айрим аҳоли қатламларини юқори хавф гуруҳига киритишади. Узоқ вақт чекиш одатига эга шахслар, иш жойида чанг ва зарарли моддалар таъсирида бўлганлар, иммунитети паст инсонлар, сурункали касалликлари мавжуд беморлар, сил билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлганлар шулар жумласидандир. Улар мунтазам равишда тиббий кўриклардан ўтиб туришлари шарт.
Агар қуйидаги аломатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур:
— узоқ давом этувчи йўтал;
— кўкрак қафасида оғриқ;
— нафас қисиши;
— тунда кучли терлаш;
— сабабсиз вазн йўқотиш.
Бу белгилар кўпинча ўпка касалликларининг дастлабки огоҳлантирувчи сигналлари ҳисобланади.
Ўпканинг сурункали носпецифик касалликлари ва сил касаллиги жамият саломатлигига жиддий таъсир кўрсатувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бироқ уларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш имкони мавжуд. Бунинг учун эса скрининг текширувларида фаол иштирок этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш ва шифокор тавсияларига қатъий риоя этиш талаб этилади.
Соғлом жамият — барқарор тараққиёт гарови. Демак, ҳар бир инсон ўз саломатлиги учун масъул эканини унутмаслиги керак.
У. БОБОЕВ,
вилоят фтизиатрия ва пульмонология
маркази фтизиатри,
Т. БЕГМУРАТОВА,
марказ пульмонологи,
М.ХОДЖИЕВ,марказ фтизиатри.
