Андижон 24

УСТОЗ ХОТИРАСИ АБАДИЙ


18.11.2021   541

Булоқбоши туманидаги 27-умумтаълим мактабида “Тил ойлиги” доирасида “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, Халқ таълими аълочиси, 50 йил мобайнида ўқувчиларга сабоқ берган Турсунбой Обидов хотирасини ёдга олиш тадбири бўлиб ўтди.

Устоз пандемия авж олган паллаларда ҳаётдан кўз юмди. Шу боис, видолашув онларида шогирдлар, у билан сафдош бўлганлар қалб изҳорларини баён этолмадилар.

Хотира тадбирни ташкил этишда устознинг собиқ ўқувчиси,туман “Нуроний” жамғармаси бўлими бошлиғи Абдусалом Тожиматов ташаббускор бўлди.

– Устоз машғулотлар давомида бизга тил ўрганиш, рус, инглиз тилларини чуқур билиш, нафақат тафаккурни кенгайтиради, балки, дунёга эшик очишини кўп уқтирарди, - дейди мактаб ўқитувчиси Ашурбек Ўринбоев. – Ана шу ўгитлар туфайли рус адабий тилини чуқур биламан. Турсунбой ака А.Пушкин энг сара асарларини ёзган Россия Федерациясининг Михайловский қишлоғига ўқувчиларини олиб борганини Найман қишлоғида ҳалигача ёрқин хотиралар билан эслашади.

Туманнинг 17, 27-мактаб ўқувчилари концерт дастурида устоз, она Ватан ҳақида рус тилида шеърлар, қўшиқлар ижро этдилар.

Мая ОЧИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги 17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.