Ўзбeк тилининг софлигини сақлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир

21.10.2024 239
Миллий тил – халқлар ва миллатларнинг асосий мулоқот манбаидир. Тил халқларни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъана ва маданиятларни сақлайди, авлоддан-авлодга ўтишини таъминлайди. Тил – мамлакат тимсоли, қимматбаҳо мулкдир. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушиши турган гап. Тилни севиш, ардоқлаш, миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенг ҳисобланади. Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, Яратувчининг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Миллатларни миллатлардан ажратиб турувчи асосий белгилардан бири ҳам тилдир. Дунёда ҳар бир халқнинг ўз тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтихори, нажоти ҳисобланади. Ҳикматли сўзлар, шеър-у достонлар, қўшиқлар, аввало, бирор бир миллатнинг она тилида дунёга келади. Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади. Ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли.
Ҳар қайси халқнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, маданияти унинг тилида ўз ифодасини топади. Тил – миллат кўзгуси, деб бежиз айтишмаган. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили – она тилимиз таъсирида шаклланган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў- эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида мустаҳкамланганидек, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.
“Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунининг 20-моддасида лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали матнлар давлат тилида расмийлаштирилиши белгилаб қўйилган. Афсуски, ўзбек тили бой бўлишига қарамай, сўнгги пайтларда жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида ёзувлар, турли лавҳа ва рекламалар кўпинча хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда акс эттирилиши, савдо дўконлари, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва тамаддихоналарнинг номи ажнабий тилда аталиши, кўчаларда чет тиллардаги тушунарсиз атамалар кўпайиши кузатилмоқда. Ёки ўзбек тилидаги турли реклама матнлари имловий жиҳатдан хато ёзилганини кўриш мумкин.
Бу давлат тили талабларига, миллий қадриятларимизга беҳурматликдан, миллатдошларимизнинг умумий саводхонлик даражаси эса тушиб кетаётганидан далолат беради. Жамоат жойларидаги обектларга ном бериш, турли реклама пештахталаридаги ёзувлар – шахсий ёки хусусий иш эмас. Чунки бундай номларга ҳамманинг кўзи тушади. Бу каби кўринишлар ўсиб келаётган ёш авлод вакилларида ўз она тилига нисбатан беписандлик ҳолатларини юзага келтирса, юртимизга келаётган чет эл фуқаролари наздида миллий қадриятларимизга бепарволик сифатида баҳоланиши мумкин.
Юқоридаги салбий ҳолатларни олдини олишнинг энг муҳим ечими ўсиб келаётган ёш авлоднинг саводхонлик даражасини оширишдир. Юртимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар яқин келажакда ўз самарасини беради.
Маърифатпарвар Абдулла Авлоний бобомиз айтганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Она тили ҳар бир миллатнинг руҳи, давлатнинг тимсоли. Она тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат тилини ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир.
Шоҳистахон НУРМАТОВА,
Муҳаммад Юсуф номидаги
ижод мактаби директори