ЎЗБЕКИСТОНДА ДУНЁВИЙ ДАВЛАТ КОНЦЕПЦИЯСИ

06.02.2025 496
Ўзбекистон Конституциясида фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Бунда дунёвийлик устувор қоида сифатида белгиланиб, турли конфессияларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва бағрикенглигига кўмаклашади. Ушбу Конституциявий қоидаларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси ишлаб чиқилди. Ушбу Концепция лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, ҳар бир фуқаро ўз фикрини билдириш имконига эга бўлди.
Биринчи галда, Концепция демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва имкониятлар тенглиги тамойилларини яққол намойиш этади. Мазкур вазиятда давлат органлари кўпроқ тартибга солувчи, мувофиқлаштирувчи вазифани бажаради. Улар ўзига хос диний фаолиятни тартибга солмайди, бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ҳолларда етарли чораларни кўради.
Бу Концепциянинг яна бир муҳим жиҳати – ҳар қандай дин ёки эътиқодни мажбуран сингдириш, ёки аксинча, бировни эътиқодидан қайтариш қатъий тақиқланади. Ҳар бир киши ўз фаолиятида, жумладан, сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий ҳаётда иштирок этиш жараёнида динга эътиқод қилиши ёки қилмаслиги билан боғлиқ ранжитувчи муносабатларга дуч келмаслиги керак. Шу маънода, давлат органлари ва жамият институтлари ўртасидаги ҳамкорлик асосида кечади, ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив актлар, энг аввало, фуқаролар ҳуқуқи ва эркинликлари муҳофазаси манфаатларига хизмат қилади. Бу жараёнда маҳалла тизими, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда турли диний конфессиялар вакиллари ҳам ўзаро мулоқот орқали дунёвий тамойиллар ва бағрикенглик қадриятларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши лозим.
Концепциянинг асосий вазифаларидан бири – жамиятда турли эътиқод, маданият ва дунёқарашларга эга бўлган фуқароларни бирлаштириб турувчи умумий қадриятлар, хусусан, ҳуқуқий онг, дунёвий тараққиёт, маданияти билим ва маънавий мезонлар сингдирилган муҳитни шакллантиришдир. Бу жараёнда турли ҳаёт тарзларига эга одамлар ўртасида ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, муроса каби инсоний муносабатлар қарор топиши, жамиятимизда барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам, динга нисбатан ҳар қандай турдаги зўравонлик, мажбурлаш ёки камситиш ҳолатларининг олдини олиш учун ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши устидан мунтазам назорат юритиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, ҳақиқий виждон эркинлиги ҳуқуқий кафолатлар билан мустаҳкамлангандагина амалга ошади.
Давлат органларининг иш услубларида ҳам турли динга эътиқод қилувчи одамлар ҳуқуқларини инобатга олиш, уларнинг эътиқоди нуқтаи назаридан чеклашларга йўл қўймаслик, диний эътиқоди учун бирор имтиёз ёки жазо тизими яратмаслик каби талаблар қатъий белгилаб қўйилган. Бу борада хусусан давлат хизматчиларининг ўз касбий вазифаларини бажаришда оғишмай амал қилиши учун норматив ҳуқуқий ҳужжатлар, хизмат этикасига доир низомлар ва ички назорат механизмлари ишлаб чиқилмоқда ва доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Натижада, мамлакатимизда турли эътиқодларга эга бўлган фуқаролар давлат идораларига мурожаат қилиш, жамоат ишларида қатнашиш, сиёсий жараёнларга жалб этилиш борасида бутунлай тенг имкониятларга эга эканлигини кўрсатиб келаётир.
Азизжон Йўлдошев,
ТДЮУ профессори в.б.