ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛИНГАН ЕРЛАРГА ЭГАЛИК ҲУҚУҚИ ЭЪТИРОФ ЭТИЛАДИ!
27.08.2024 753
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 5 август куни ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ва уларга қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди. Ушбу ҳаётий муҳим ҳужжат билан ўзбошимча эгалланган ерлар ва улардаги биноларни легаллаштиришга рухсат берилди. Айтиш керакки айни шу каби муаммолар юртдошларимизни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган эди.
Ушбу Қонуннинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш билан боғлиқ қуйидаги 8 та ҳолатларда қўлланилади;
Жумладан;
1) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2018 йил 1 майга қадар якка тартибда уй-жой қуриш орқали ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
2) фуқаролар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва резидент бўлган юридик шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ажратилган ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган ер участкаси майдонидан 2018 йил 1 майга қадар ортиқча эгаллаган ер участкасига ҳамда унда қурилган бинолар ва иншоотларга;
3) ўзбошимчалик билан қурилган якка тартибдаги уй-жойларга бўлган мулк ҳуқуқини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил этилган Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этишишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари томонидан эътироф этиш мумкин деб топилганлиги ҳолларига ёки уни эътироф этиш рад этилганлиги ёхуд аризаларнинг кўриб чиқилиши бир марталик умумдавлат акциясининг муддати ўтганлиги сабабли якунига этмаганлиги ҳолларига;
4) 2021 йил 8 июнга қадар туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига кўра қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ фуқароларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ёки резидент бўлган юридик шахсларга ажратилган, тасдиқлаш масаласи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилмаган ер участкасига (бундан шундай ер участкасида икки йил ичида бинолар ва иншоотлар қурилмаган ёки уларнинг қурилиши бошланмаган ёхуд ер участкасидан мақсадсиз фойдаланилган ҳоллар мустасно);
5) фуқароларнинг боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларига ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;
6) 2020 йил 9 мартга қадар кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг яшаш учун мўлжалланмаган бинолари ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари жойлашган ер участкасига;
7) хусусийлаштирилган бинолар ва иншоотлар эгаллаган ер участкасига;
8) фуқароларнинг, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ва резидент бўлган юридик шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ мулк (эгалик қилиш) ҳуқуқи эътироф этилган бинолари ва иншоотлари эгаллаган ер участкасига нисбатан ҳуқуқларни эътироф этиш асослари ва тартибини белгилайди.
Қонун билан ҳуқуқларни эътироф этишнинга асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
– Ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;
– Ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
– Ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
– Муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
– Ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар);
– Бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса).
Қонун билан эгалик ҳуқуқини олиш истагида бўлган фуқароларга ҳам қисқача тушунча бериб ўтсак, яъни Қонун қабул қилиниши билан эгалик ҳуқуқини олиш учун фуқаролар ҳеч қаерга мурожаат қилишлари шарт эмас.
Сабаби Кадастр агентлиги томонидан ҳар йили режа-жадвал тасдиқланади ҳамда унга асосан мутахассислар ўзлари барча уйларни хатловдан ўтказишади.
Ўз навбатида қонун қабул қилинди, энди исталган жойда қурилиш қилиб, бемалол ҳужжатларини расмийлаштириб оламан деб юрган қўштирноқ ичидаги уддабиронларга огоҳлантириш тариқасида айтиб ўтмоқчимиз.
Қонун эълон қилинганидан кейин ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерлар ва уларда қурилган бино-иншоотлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Қонунда аниқ муддатлар, ҳуқуқлар эътироф этилиши асосларни аниқ белгиланган ноқонуний ишга қўл уриб ўзларига моддий ва манавий зарар етказмасликларини сўраб қолардик.
Яна бир ҳолат Қонун қабул қилиниши билан “Ишингизни тез ҳал қилиб бераман”, деган фирибгарлар ҳам учраши табиий уларга асло ишонманг!
Ёдингизда бўлсин:
Қонунга мувофиқ ахборот тизими яратилади ва ўндан ортиқ давлат идоралари ўз ваколати доирасида ҳар бир ҳолат юзасидан хулоса беради. Ҳар бир ҳолат космик суратлар орқали таҳлил қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Қонун 3 ойдан кейин кучга киради ва 2028-йил 1-январгача амал қилади.
Э. АҲМЕДОВ,
Кадастр агентлиги
Олтинкўл туман бўлими бошлиғи