ВИЛОЯТДА ҚАТТИҚ МАИШИЙ ЧИҚИНДИЛАРНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ДАРАЖАСИ 25 ФОИЗДАН 28 ФОИЗГА КЎТАРИЛДИ
06.06.2023 208
Европа давлатларида чиқиндиларни қайта ишлаш кенг ривожланган. Шу тариқа кўҳна қитъа давлатларида “чиқиндини олтинга айлантириш” тамойили асосида унинг 90 фоизи тайёр маҳсулотга айлантирилади.
Тан олиш керак, республикамизда бу борада бажарилиши муҳим бўлган вазифалар бир талай, бироқ, ижобий натижалар ҳам йўқ эмас. Масалан, вилоятимизда ҳозирда 10 та корхона айнан чиқиндиларни қайта ишлаш йўналишида фаолият олиб бормоқда. Улар томонидан йилнинг биринчи чорагида 24 минг 807 тонна хом ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилди. Биргина “Texno-innovator ” МЧЖ томонидан 380 тонна иккиламчи хом ашё қайта ишланди.
– Корхонамиз 2018 йили ташкил топган бўлиб, айни пайтда 70 нафар ишчи фаолият кўрсатмоқда, – дейди корхона раҳбари Б. Қодиров. – Юз турдан зиёд маҳсулотларимиз эҳтиёжбоп ва арзонлиги боис қўшни давлатларда ҳам ўз харидорларига эга. Шу боис экспорт кўрсаткичимиз 90 фоизни ташкил этяпти.
– Ушбу йўналишдаги ишларни жонлантириш нафақат мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга, балки, ҳудуд экологияси софлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади, – дейди Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Андижон вилоят бошқармаси ходими Лочинбек Исомуддинов. – Боиси, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали уларнинг зарарли оқибатларига барҳам берилади. Шу боис чиқиндиларни қайта ишлашга бўлган эътиборни янада ошириш лозим. Масалан, вилоятда йилнинг биринчи чорагида қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 25 фоиздан 28 фоизга кўтарилди.
Бу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш ишлаб чиқариш кўламининг ортишига замин яратади. Вилоятда мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда йил якунига қадар иккиламчи чиқиндини маҳсулотга айлантириш даражасини 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Саминжон ҲУСАНОВ.