Атрофга назар

ЯХШИ СЎЗ - ЯРИМ ДАВО


22.08.2022   269

Тўрт ёшли ўғлим оғриб қолди. Шифокор кўригига олиб бордим. Биз айтган врач малака ошириш машғулотларида экан. Қабулхонадагилар бошқа докторни тавсия қилишди. Узоқ навбат кутиб педиатр қабулига кирдик. Кузатиб турибман - шифокор наридан бери боламни текширган бўлди. "Шамоллаган, муолажа керак", деди совуққина. Ҳатто ҳарорати кўтарилаётгани сабабини ўзим сўраб олдим. "Ўпкасига ўтмаганми?", деган саволимга "ўтган-да" деган жавобни олдим. Дори-дармон ёзиб беришини сўраганимда, рад қилди - оилавий шифокорим ёзиб бериши ва назорат қилиши керак экан. Очиғи, асабим бузилди. Мен нажот истаб унинг қабулига келсам-у, қасамёдини унутиб, даволашни осонгина ўзидан соқит қилса...

Фиғоним фалакда ишга етиб келдим. Кун иссиқлиги боис, шифокорма-шифокор юриб, фарзандимни қийнашни истамадим. Ҳамкасбим арзи-додимни эшитиб бошқа педиатрни тавсия қилди, муолажаларини мақтади. Касбининг чинакам мутахассиси эканини таъкидлади. Ҳартугул, уйи биз яшайдиган манзилда экан. Кечки пайт ўтадиган бўлдик.

Бордик. Хушмуомалалик билан кутиб олган доктор кўнглимдан ўтаётган шубҳаларни тарқатиб юборди. Ўғлимни синчковлик билан текширди. Мендан касалликнинг бошланишидан тортиб, давом этаётганига қадар бўлган асоратларини сўради. Асосийси, фарзандимнинг шамоллаши билан боғлиқ барча шикоятларимни эринмай тинглади. Кейин асталик билан битта-битта нима учун хасталангани, қандай даволаш зарурлиги, бу ёшда қандай дорилар мумкину, қайсилари зиёнли эканини шошилмай тушунтирди. Бу орада ўғлим билан ҳам суҳбатлашиш асносида яна нималар безовта қилаётганини ҳам сўраб билди. Асосийси, бола билан бола тилида шунақанги фикрлашдики, ҳавасим келди. Вақти келса, ўзимиз асаблар таранглигидан дилбандларимизга шундай муносабатда бўлмаймиз. Бу шифокор эса бир кунда турли кайфиятдаги беморлар билан муомала қилади.

Мен ҳайрон эдим. Мана, шундай шифокорлар ҳам бор эканку! Ўз касбининг моҳиятини юракдан ҳис этадиган, ҳар бир беморга ўз оиласи аъзосидек қарайдиган, ширинсўзлик билан муомала қиладиган... Яхши сўз - ярим даво, дейишлари бежиз эмас.

Ҳозир, шукрки, ўғлимнинг ҳолати анча яхши. Шамоллаши ҳам ўтиб кетди.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардим. Имкон қадар табиий усулларни тавсия этганди. Арзон бўлса-да самарали натижа берувчи таблеткаларни буюрди. Тўғри, гап дорининг нархида эмас. Айтмоқчи бўлганим, кўп ҳолларда шифокорларнинг фалон сўмлик дори ёзишларига кўникиб қолганмиз. Нажот шуларда деб ўйлаймиз. Арзонроғини ёзса, самарасига шубҳаланамиз.

Воҳиджон Қамбаров ҳақида билганларим шу. Ёзганларим билан айрим шифокорлар ҳақида салбий фикр билдиришдан йироқман. Аммо шу инсонда ҳақиқий қасамёдга садоқатни, оқ халатига муносибликни, муҳими, чинакам фидойиликни кўрдим. Шу ҳақиқат мени ёзишга ундади.

Зилола АБДУЛЛАЕВА.