Атрофга назар

ЯХШИДАН ЯХШИ НОМ, ЯХШИ КИТОБЛАР ҚОЛДИ


31.07.2025   98

“Ҳуррият” газетасининг шу йил 23 апрель кунги сонида “Ўтган кунлар” – қирғиз тилида” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Уни таниқли адабиётшунос олим, “Ўзбекистон-Қирғизистон” дўстлик жамиятининг раиси Зуҳриддин Исомиддинов ёзган. Мақолада “Ўтган кунлар” романи руҳан ўта миллий экани таъкидланиб, бундай асарни миллийликни теран ҳис қилган ижодкор таржима қилгани яхши, деган фикр илгари сурилади. Олим ёзади: “... ҳатто арслонбоблик ёзувчи, ўзбек ва қирғиз тилларини мукаммал биладиган Улуғбек Абдусаломовнинг бу ишга қўл урганини уққанимда ҳам, очиғи, бироз тараддудланиб қолганим рост. Лекин таржима матнини ўқиб кўргач, иккиланишларим тарқаб кетди – асарнинг мазмуни унда тўла ва тўлиқ акс этгани шубҳасиз”.

“Ўтган кунлар” романи қирғиз ўқувчилари қўлига теккани 14 апрель куни Бишкекда катта тантана қилинди. Қирғизистон Миллий Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Қанибек Имоналиев бош бўлган адиблар делегацияси иштирокида Тошкентда Абдулла Қодирий ижод мактабида янги таржиманинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

Улуғбек Абдусаломов 1951 йилда Арслонбобда туғилган. Андижон Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаб, кейин бошқарув тизимларида ишлади, халқ депутатлари Ўш вилояти кенгаши депутати бўлди, сўнг Жалолобод вилояти кенгаши депутати, қонунчилик бўйича доимий комиссия раиси вазифаларини бажарди. “Биз киммиз?”, “Эркинлик довони” номли публицистик мақолалар тўпламларининг муаллифи эди. У Туркистон тарихи ва туркий адабиёт жонкуяри сифатида танилди. Ўзи ўн мингга яқин китоб тўплаб, ҳамқишлоқлари учун кутубхона ташкил этиб берди. Улуғбек ака 2006 йилдан бери Жалолобод халқлар дўстлиги университетининг фахрий профессори сифатида фаолият юритган.

Уни вилоятимизда ижод ва илм-фан аҳли фидойи ношир сифатида ҳурмат қилар эдилар. Жонкуяр, тиниб-тинчимас, китоб тарғиботчиси, ношир Ўктамжон Умурзоқов билан “Ҳаёт” нашриётини ташкил этувчиларидан бири бўлди. “Қуёш ҳар куни чиқади” китобининг муаллифи, олтинкўллик олий тоифали шифокор Аҳмаджон Исроилов шундай дейди:

  • Мен умрим саҳифалари акс этган китобимни нашр этиш чоғида шу инсон билан танишдим. Дастлаб ўта жиддий, талабчан, қаттиққўл бўлиб кўринган эса-да кейин билдимки, ниҳоятда самимий, очиқкўнгил, хушфеъл, бировдан кўмаги, яхшилигини аямайдиган киши экан. Унинг салкам 600 бетлик “Арслонбоб тарихи” китобини бошимни кўтармай ўқиб чиқдим.

Ҳа, Улуғбек Абдусаломовнинг йирик асари – “Арслонбоб тарихи”ни чинакам маънода қомусий асар дейиш мумкин. Арслонбоб номи – тахминан ХI асрда яшаган туркистонлик машҳур сўфий, шунингдек, Аҳмад Яссавийнинг биринчи маънавий устози бўлган Арслонбоб Ота шахсиятига бориб тақалади ва Қирғизистон ҳудудидаги у дафн этилган қишлоқ шу номда аталиб, машҳур бўлиб кетган. Муаллиф ёзади: “Шундай улуғ одам тўғрисида бирон ишончли китоб ёзилмаганмикан, деган ўй фикримни чулғаб олган эди. 1999 йилнинг ёзида ғаройиб туш кўрдим. Юзидан нур ёғилиб турган нуроний ўрнимдан туришимни буюрди ва “Сенга ҳаж вақти етди, ҳаракатингни қил”, - деб айтди. Чўчиб уйғондим, тўғрисини айтсам, ҳаж нияти ҳали менда йўқ, исломнинг бешинчи фарзини адо этишга ҳали руҳан тайёр эмасман, деб ҳисоблардим. Ўша кундан бошлаб тайёргарлик кўра бошладим. 2000 йилда отам иккаламизга муборак ҳаж сафари насиб этди. Аллоҳ ниятимни берди. Шундан кейин Арслонбоб Ота хаёлимдан кетмай қолди. Ўн йил давомида шу китобни ёзиш учун маълумотлар тўпладим. Менга яхши одамлар яқиндан ёрдам беришди”.

Умрининг сўнгги куни - 2025 йил 5 июлга қадар Андижон шаҳри яқинидаги Чем қишлоғида яшаб, ижод қилиб, ношир сифатида китоблар чиқариб, ҳурмат топган бу азиз сиймонинг охирати обод бўлсин. Унинг боқий дунёга сафарини эшитган дўсту қадрдонлари Ўзбекистону Қирғизистоннинг турли шаҳар ва қишлоқларидан ҳамдардлик билдириб келдилар. Ажойиб инсон ҳаётдан кўз юмди. Уни билган, таниган, яхшиликларидан баҳраманд бўлган одамлар ёдида ёрқин хотираси яшаб қолаверади.

Ғолибжон АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари уюшмасининг аъзоси.