Атрофга назар

Яхшилик учун ибрат ярашади


13.03.2025   602

Менга тенгдош бўлган дўстларнинг кўпчилиги болалигини эслаганида онаси ёпиб берган иссиқ кулчаларни ҳовлисидан ёки кўчасидан ўтган ариқдаги сувга оқизоқ қилиб еганларини сўзлайдилар. Андижоннинг қадим Эски шаҳаридаги гавжум маҳаллада яшаганмиз. Ҳовлимиз торгина эди. Аммо шу торгина ҳовлида тандир бор эди, ариқ ўтарди. Суви тиниқ, суви ширин ариқ...кўчамиздаги ҳар бир ҳовлини табарруклаб ўтган бу ариғимизнинг икки четига онам раҳматли бошдан охир райҳон, жамбил, ўсма ва яна гуллар экиб қўярди. Шуниси эсимда, онам гулу руйҳонларни ариқдан бир-бир ярим қарич қочириб экардилар, кун ора бизга гулларни суғоришни буюрардилар. Нега яқинроққа экмайсиз, ўзи сув ичаверарди деган сўровимизга:

-Гулу райҳонларнинг қуриган барги, ҳазони, гул олдига борган одамнинг калишининг лойи ариққа тушса ёмон бўлади,- дердилар.

- Қанақа ёмон бўлади,- эзғилаб сўрардим.

- Болам сув ҳам нондек азиз неъмат. Бизнинг ариқдаги сув шифобахш ховуздан келади. Уни ифлослантириш яхши бўлармиди, албатта, ёмон бўлади.

- Қанақа шифобахш...

- Биздан бир маҳалла нарида катта ҳовуз бор Ўша атрофдаги хонадонлардан оқиб чиққан сув ховузга қуйилади, ховузда бақалар кўп, доноларнинг айтишича бақаларнинг кўзидан тўкиладиган йўд деган модда сувни шифолантираркан. Шунинг учун бу сувни ичган аҳоли бўқоқ касалига учрамайди ҳисоб. Ҳар икки-уч маҳаллага битта ҳовуз бўлиши шундан, болам. Сув ҳовузда ҳам тинади, ҳам йўдланади, кейин бизга оқади. Сизлар кулча оқизиб еяпсизларку, уни шох-шабба ахлат билан аралаштирсак, биздан кейинги ҳовлидагилар ҳафа бўлади, қизим. Уларнинг болалари ҳам кулча оқизиб ейди, шу сувдан ичади, ош овқатига ишлатади ахир.

Онам айтганларидек тандирдан узилган, қўл куйгудек иссиқ кулча нонни ўртоқларим билан ариққа оқизоқ қилиб ейишни жуда яхши кўрардим. Оилада етти фарзанд бўлганмиз, онам ҳар уч кунда бир нон ёпардилар. Бизга атаб кулча ясаш сира эсидан чиқмасди. Синглим яна иккита ўртоғим билан кимнинг кулчаси тез оқади, деб қийқириб чопардик. Бугун бизникида бўлса, эртасига Турғунойнинг онаси, кейинги кун Зумрад дугонамнинг онаси нон ёпарди. Мазза-мазза қилиб иссиқ кулчани шифобахш сувда совитиб ердик.

Йиллар ўтиб улғайдик, менинг палаҳмон тошим Олтинкўл туманининг Офтобачек қишлоғига тушди. Маҳалламиздан катта ариқ ўтарди. Ҳар бир хонадон дарвозаси олдида кўприк бор. Айтишларича, бу ердагилар ҳам болалигида кулча оқизоқ билан яйрашган экан.

Аммо... Ҳозир ундай эмас, ариқ бетонланган, суви эса гоҳ чиқинди, гоҳ тарвуз, қовун пўчоғи, гоҳ мол-холнинг егулигидан ортган нишхўрд-ҳашак, гоҳ ачиган ош-овқат сарқитлари билан оқаётганини кўриб қоламан. Ариқдаги сувни ичиш тугул болажонларнинг чўмилишига ҳам кўниб бўлмайди. Кейинги икки-уч йилдан бери эса ота-оналар болалари учун турли ўлчамдаги сунъий бассейнлар сотиб олишга мажбур бўлаётгани шундан.

Қайнонам раҳматлик янги келин бўлган йилларим “бу омадли маҳалла, ариғи бор. Томорқани қийналмай суғорамиз” дердилар. Тўғри, томорқани суғорамиз, аммо мол-холнинг нишхўрдидан “баҳраманд” сув экинзорни бир ҳафтада бегона ўтга бостириб юборади. Қолаверса, қишлоқлардаги артезиан қудуқларнинг мотори гоҳ-гоҳ бузилиб қолса, уч-тўрт кун сувсиз қоламиз. Шунда тонгда туриб икки пақир сув олиб тиндириб ичишга ҳам кўнгил бўлмайди.

Дунёда ичимлик сувига зор мамлакатлар йўқ эмас, биз эса борини асрай олмасак, онам айтганидек “ёмон бўлади”. Ўйласам “ёмон бўлади”нинг маъноси чуқур экан. Ахир ҳаммамиз ҳам катталарнинг “ҳой, нонни увол қилма, ёмон бўлади, қушларга чўзма камалакдан тош отиб озор берма, ўлдирма, ёмон бўлади, дарахт шохини синдирма, ёмон бўлади, сувга чиқинди ташлама, ёмон бўлади” деган панду насиҳати билан улғайганмиз.

Неъматга ношукрлик, табиатга бешафқатлик эканини эса унутиб қўйганга ўхшаймиз. Она табиатнинг суви, дарахти, ҳавоси бир-бирига уйғун, боғлиқ. Атроф-муҳитнинг шаффофлиги, боғларимизнинг тўкинлиги, манзарали дарахтларимизнинг соядорлиги, гўзаллиги, ичар сувимизнинг тозалиги ўзимиз учун-ку. Касалликларнинг кўпайиши, болаларимизнинг ҳаммаси ҳам полвон бўлолмаётгани ўша “ёмон бўлади”нинг етиб келганига ўхшамайдими?

Юртбошимиз ташаббуси билан 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб номланиши айни муддао бўлди. Табиат ўзимизники, уни ўзимиз асраб, яшилламасак келажагимиз биз кутгандек бўлмайди ахир.

Дарахтларнинг тоза кислород чиқариб, захарли карбонат ангидридни ютишини бешинчи синф бола ҳам муаллимидан эшитган. Шукрким, юрт бўйлаб “яшил иқтисодиёт” дастури режаланиб, барча соҳаларда ижрога киришилмоқда. Менга энг маъқул жойи – болаларимиз таълим олаётган мактабларда ҳам йил номининг мазмун-моҳияти ўрганила бошланди. Буни 4- ва 6-, 8- синфларда ўқиётган уч набирам ҳам мендан табиатни асраш ҳақида шеър сўраб саволлар бера бошлаганидан билдим. Буви бўлиб ёрдамга тутиндим. 20 хил мева тилидан ёзилган шеърлар жамланган пиёз пўстидеккина китобчамдаги аксарият шеърларни улар кўп бор ўқиган, ёдлашган. Ҳатто Тошкентга бориб “Болажон” кўрсатувида иштирок этишган.

Андижоннинг Улуғнор туманида Қодиржон Қўзиев деган 73 ёшли бир отахонни биламан. Ўзи “Бобуршох” фермер хўжалиги раҳбари, “Набирамга насиҳатлар” деган тамойил билан Улуғнорнинг ҳамма мактабларида учрашувлар ўтказади. Ўқувчиларга Ватан, тупроқ, боғлар, дарахтзорлар, яшил далалар ва уларга муносабат ҳақида сўзлайди. Ҳар йили фермер хўжалиги маблағидан 50 туп баъзан ундан ҳам кўпроқ кўчатлари билан уч-тўртта мактабга нуроний дўстлари билан бориб ўқувчилар иштирокида кўчат экиш тадбирини ўтказади. “Набирамга насиҳатлар” тахлама буклетини болаларга тарқатади-да, унда ўзи танлаб ёзиб қўйилган ҳикматли ибораларни астойдил шарҳлайди.

Кейин кўчат экишда қатнашган собиқ ўқувчилар билан дарахтлардан тез-тез хабар олади. Эккан мевали дарахтлари аллақачон ҳосилга кириб бўлди. Мактаб жамоалари отага мевалардан келтириб уни хурсанд қилишади.

Қодиржон ота бу йил ҳар галгидан кўпроқ кўчат тайёрлаб ташкилотлар, мактаблар, болалар боғчаларига совға қилмоқчи. Нуроний жўралари билан кўчат тадбирларини ўтказмоқчи.

Энди мен ҳам набираларимга яшил макон, атроф-муҳит тозалиги ҳақида тушунтиришлар беришни зарур деб билдим. Улар шеър ўқишни яхши кўргани учун “Онажоним табиат” деган шеър ҳам қораладим

Хақдин мукофотимсан Онажоним табиат.

Минг тус набототимсан, Онажоним табиат.

Улғайдим сени таниб, феълу фазлинг ўрганиб,

Шеъримсан, баётимсан - Онажоним табиат.

Болдай мева ризқу рўзим, насимлар оҳанг, сўзим,

Ҳусни малоҳатимсан, Онажоним табиат.

Шаршаранг тушар илдам, қирларинг қизил гилам,

Мазза саёҳатимсан, Онажоним табиат.

Гуллар эксам хушбўйсан, дарахт эксам хушрўйсан,

Бори барокатимсан, Онажоним табиат.

Сенга озор етказсам, софлигингни кетказсам,

Ғуссам, жароҳатимсан, Онажоним табиат.

Хуснинг кетса мен сабаб, ғурбат етса мен сабаб,

Оғриқ, надоматимсан, Онажоним табиат.

Шафқатим йўқотмай ҳеч, асрай сени эрта, кеч,

Бахтим, камолотимсан, Онажоним табиат.

Элимизда “Бир ошамдан берса қорнини тўйдиради, бир луқмадан ўргатса илмини тўлдиради” деган нақл бор. Ҳаммамиз тенгдан киришсак, Президентимиз ташаббуси билан бошланган хайрли ишларни, албатта, амалга ошира оламиз. Бир-биримизга ибрат бўлсак, ёшларимизга нега “Онажоним табиат” дейишимизни мазмунан кенгроқ тушунтирсак, бизга ҳаёт нафасини ҳадя қилувчи (кислород берувчи) дарахтлар учун меҳрлироқ бўлишимизни уқтирсак, ўзимиз ишбоши бўлсак, шундагина натижага эриша оламиз.

Тўзмасин дунё десак гар, боғ яраталайлик,

Умримиз топсин самар, боғ яратайлик.

Яхшилик ишқида бўлган кўнгиллармиз,

Яшнасин олам, биродар, боғ яратайлик...

Замира РЎЗИЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.