Атрофга назар

ЯНГИЛАНГАН “ЎЗБЕКИСТОН – 2030” СТРАТЕГИЯСИ: ЮКСАК МАҚСАД ВА ИСТИҚБОЛЛИ РЕЖАЛАР


13.01.2026   159

2025 йил 26 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий чиқишида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш ташаббусини илгари сурди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатнинг ўрта муддатли ривожланиш устувор йўналишларини аниқ белгилаш ҳамда стратегик мақсадларга изчил эришишни таъминлашга қаратилган. Таъкидлаш жоизки, ундаги умумий 5 та устувор йўналиш сақлаб қолинган бўлса-да, мақсад ва кўрсаткичлар тизими тубдан оптималлаштирилди. Эски стратегияда белгиланган 100 та мақсад ва 286 та кўрсаткич ўрнини, эндиликда 100 та мақсад ва 451 та аниқ амалий кўрсаткич эгаллади.

Асосий янгилик шундаки, аввалги ҳужжатдаги айрим умумий тусдаги вазифалар эндиликда аниқ рақамли, ўлчанадиган ва энг муҳими – назорат қилиш имкони бўлган самарадорлик кўрсаткичларига айлантирилди. Кўрсаткичларнинг 2026–2030 йиллар кесимида йилма-йил бўлиб чиқилгани эса ижро интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, замон талабидан келиб чиқиб, Стратегиянинг янги лойиҳасига сунъий интеллект, космик тадқиқотлар каби мутлақо янги йўналишлар қўшилгани қувонарли ҳолдир.

Янги лойиҳадаги энг катта ўзгаришлар иқтисодий блокда яққол кўзга ташланади. Президент Мурожаатномасида илгари сурилган “иқтисодий прагматизм” тамойили асосида барча макроиқтисодий прогнозлар қайта кўриб чиқилди. Агар эски стратегияда ЯИМ ҳажмини 160 млрд долларга етказиш режалаштирилган бўлса, янги лойиҳада бу кўрсаткич 200 млрд доллар этиб белгиланди. Бу, ўз навбатида, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни аввалги 4 минг доллардан 5-6 минг долларгача оширишни кўзда тутмоқда.

Камбағалликни қисқартириш масаласида ҳам янгича ёндашув кузатилмоқда. Эндиликда асосий эътибор ишсизликни 2030 йилгача 7 фоизга тушириш ва “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилмоқда.

Президент томонидан 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши стратегиянинг ижтимоий йўналишини мазмун жиҳатдан янада бойитди. Таълим соҳасида эски стратегиядаги асосий урғу “қамров”га қаратилган бўлса, янги лойиҳада “сифат ва мазмун” биринчи ўринга чиқди.

Масалан, мактабгача таълимда 100 фоизлик қамров сақлаб қолинган ҳолда, боғчаларда компьютер саводхонлигини шакллантириш бўйича янги талаблар қўйилди. Олий таълимда эса умумий гаплар ўрнига, республикадаги 10 та олийгоҳни дунёнинг нуфузли рейтингларига киритиш вазифаси аниқ белгилаб берилди.

Глобал иқлим ўзгаришлари шароитида сув ва атроф-муҳит масалалари стратегиянинг энг долзарб нуқталаридан биридир. Янги лойиҳада сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш ва 2 млн гектар экин майдонини сув тежовчи технологияларга ўтказиш қатъий вазифа қилиб қўйилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсади ўзгаришсиз қолдирилган бўлса-да, унинг ижро механизмлари, хусусан, суғориш тизимларини мажбурий қилиш талаби кучайтирилди.

Янгиланган стратегиянинг яна бир ўзига хос ва муҳим жиҳати шундаки, унга илк бор 2026 йил давомида ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати илова қилинди. Хусусан, “Сунъий интеллект тўғрисида”, “Реновация тўғрисида”, “Тадбиркорлик кодекси” каби 18 та муҳим қонун лойиҳалари ҳамда Жамоат хавфсизлиги концепцияси каби 13 та Президент ҳужжатини қабул қилиш режалаштирилган. Бу эса белгиланган мақсадларга эришишнинг ишончли ҳуқуқий кафолатидир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янгиланган лойиҳаси мамлакатни яқин истиқболда стратегик ривожлантиришнинг концептуал асосларини белгилаб берди.

Мазкур ҳужжат Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ислоҳотлар тизимли, изчил ва муқаррар тус олганининг ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Зеро, стратегик мақсадларнинг аниқ белгиланиши ва пухта ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” кўзланган юксак натижаларга эришишнинг муҳим омилидир.

Адхамжон Узакджанов

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази

вилоят ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.