“Яшил макон” – бир йиллик тадбир эмас
13.11.2024 496
Сўнгги йилларда миллий мақсадлардан иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича тезкор чораларни қабул қилиш, қуруқлик экотизимларини ҳимоялаш ва тиклаш, улардан оқилона фойдаланишга кўмаклашиш, ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг емирилишини тўхтатиш ва ортга қайтариш, биохилма-хилликнинг йўқолиб кетиш жараёнини тўхтатиш каби вазифалар ижросига куюнчаклик билан ёндашилмоқда.
Мамлактимизда экотизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш борасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширилиши муҳим қадам бўлди. Ушбу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси мамлакатимизда экологик вазиятни янада яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришларига миллий ечим сифатидаги ноёб лойиҳа бўлди. Ушбу лойиҳа замирида автомобил ва турли русумдаги машиналар, логистика ва техника воситалари қуршовида қолган маконга асл табиатни туҳфа этиш, кўчат экиш ва боғ яратиш ётибди. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам шаҳарлар бош режаларини тузишда улар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этиши, турар жой биноларини қуришда “яшил майдон”ларни аҳолининг сонига мутаносиб бўлишини таъминлаш белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 29 март куни “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳамда чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, йўллар ва каналлар бўйидаги ерларни талабгорларга тўғридан-тўғри шартнома асосида 10 йилга бериб, 5 қатордан кўчат эктириш тизимини ҳозирги мавсумда амалга ошириш орқали кўплаб дарахтзорлар яратиш, бу йил топшириладиган 2,5 мингта кўп қаватли уйлар ҳудудининг 30 фоизида камида 1 гектардан яшил хиёбонлар ташкил қилиниши белгиланган эди.
Бугунги кунда лойиҳа доирасида ҳамда юқорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам кўкаламзорлаштириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга ҳар йили куз ва баҳор ойларида экиладиган дарахтлар парваришига, уларнинг кейинги тақдирига ҳам эътибор қаратилмоқда.
Рақамларга назар ташласак, 2024 йилда Андижонда жами 15 млн. 400 минг туп манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчаларини экиш режалаштирилган эди. Шундан, баҳор мавсумида 10 млн. 733 мингта кўчатлар экилди. Куз мавсуми бошлангандан буён эса режадаги 5 млн. 780 минг туп мевали, манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни бошладик.
Бир жиҳатни кўнгилни хотиржам қилиб айтишимиз мумкин: вилоятимизда кўчат заҳираси етарли. Чунончи, 2 млн.дан зиёди кўчатчилик фермер хўжаликларида, 883 мингдан ортиғи тадбиркорлик субъектларида, 350 мингдан кўпи аҳоли хонадонларидаги томорқаларида, 64,2 мингта “Андижонйўлкўкалам” ДМда, 2 млн.дан зиёди ҳудудий Агропилла МЧЖларда, 400 мингдан ортиғи Академик М.Мирзаев номидаги БУВИТИларда, 25 минг донаси ҳудудий Ободонлаштириш бошқармаларда ҳамда 3,5 мингтаси Ўрмон хўжалигида парвариш қилиняпти.
Президентимизнинг 2021 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2022-2024 йилларда вилоят бўйича жами 128,3 гектар ер майдонларида “Яшил боғ”лар ташкил этиш белгиланган. Айникунга қадар эса барча шаҳар ва туманларда 92,2 гектар ер майдонларида “Яшил боғлар” барпо этилди. Ҳозирги куз мавсумида яна 36,1 гектар ер майдонларида 13 та шаҳар ва туманларда мазкур тадбирлар давом эттирилиши белгиланган.
Шунингдек, 2022-2024 йилларда вилоят бўйича жами 65 гектар ер майдонларида “яшил жамоат парк”ларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, ушбу тадбир ҳозиргача 41 гектар майдонда амалга оширилди. Масалан, “Янги Андижон” шаҳрининг 5 гектар майдонидаги “Ватанпарварлик” боғи шулар жумласидан, 4,1 минг туп манзарали дарахт кўчатлари боғ кўркига кўрк қўшмоқда. Ўтаётган куз ойларида яна 25 гектар ер майдонларда “яшил жамоат парк”лари ташкил этилиши якунланиши кўзда тутилган.
Жорий йил кўкламида 17 та йирик саноат корхоналари томонидан
32 минг дона манзарали дарахт кўчатлари экилиб, “Яшил белбоғ”лар яратилди. Эндиликда эса олтин фаслнинг уч ойи давомида уларнинг сони вилоятдаги 17 та йирик саноат корхоналари томонидан ўтқазилаётган 38 минг дона манзарали дарахт кўчатлари эвазига янада ортмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас”. Дарҳақиқат, яшаб турган жойимизни озода сақлаб, биздан кейинги авлод ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун бугун биз табиатга меҳр ва эътибор берсак келажак авлод ҳам муносиб экологик шароитда яшайди. Бунинг учун биз ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш ҳамда дарахт кўчатларини экиб, боғ яратишимиз зарурдир.
Лочинбек ИСАМУТДИНОВ,
вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот котиби