Атрофга назар

Ёзув – миллат тафаккури, ақл-заковати ва маданиятининг ўзига хос кўринишидир


12.10.2026   11

Дунёда тиллар кўп ва ранг-баранг. Уларнинг барчаси маълум бир маънода уни эъзозлаб юрган инсонларга баҳоли қудрат хизматда бўлади. Бу борада ўзбек тили дунё тиллари ўртасида етакчилик қилади. Тарихан бойлиги ва ифода имкониятларининг чексизлиги ўзбек тилига шундай шарафни олиб келган.

Бу тил оппоқ сочли тоғлар ва кенг саҳроларда эмин-эркин кезиб юрган буюк аждодларимизнинг, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳсмад Юкнакий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Нодираю Увайсийларнинг тили. Унинг оғзаки шакли бетакрор мақол-у маталларимизда, эртакларимиз, қўшиқларимиз, достонларимизда ўз аксини топган.

“Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилиши кутилаётган 100 жилдлик ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари бунинг ёрқин далилидир, бироқ тилларнинг бугунги глобаллашув жараёнларидаги ўрни, ахборот коммуникацион технологиялар замонидаги мавқеи фақат унинг оғзаки шаклига эмас, кўп жиҳатдан уларнинг ёзма шаклига боғлиқ бўлиб қолди.

Ёзув – миллат тафаккури, ақл-заковати ва маданиятининг ўзига хос кўринишидир. Қайси бир халқ тарихда ижодкор бўлса, фикрласа, у ўз ёзувини ўйлаб топган. Ёзувнинг авлодлар силсиласидаги, ахборотларни узоқ масофаларга, тарихлар оша кейинги авлодларга узатишдаги хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ёзувсиз халқлар “тарихан соқов” бўлади.

Бу борада ўзбек халқи ҳар қанча фахрланса арзийди. Ота-боболаримиз томонидан қўлланган авесто, сўғд, хоразм, кушон, ўрхун-энасой, эски ўзбек ёзувлари бугун мозийнинг энг олис саҳифаларини ҳам безаб турибди. Афсуски, ўтган аср бошларида ёзувимизнинг лотин, сўнгра кирилл ёзувига мажбурий-ихтиёрий тарзда ўтказилиши бизни батамом тарихимизда узиб қўйди. Ҳозирги авлод кўҳна ёзма манбаларни ўқиш бахтидан мосуво бўлди... Бу, майли, бошқа масала.

Яқинда Олий Мажлис Сенати “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақидаги Қонун” лойиҳасини маъқуллади. Бунга кенг жамоатчилик ўз фикрларини билдирди. Амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва битта тутуқ белгисидан иборат алифбо қабул қилинди. Асосий ўзгаришлар қуйидагилар: Sh sh, Ch ch ва ng ҳарфлар бирикмаси алифбодан чиқариб ташланди. Sh sh ўрнига Ș ș;Ch ch ўрнига Ç ç ҳарфлари олинди. Ўзбек тилининг ўзига хос товушлари ифодаси саналган O‘ o‘ ҳарфи Ӧ ӧ , G‘ g‘ ҳарфиĞ ğ кўринишига келтирилди. ' (тутуқ белгиси) сақлаб қолинди.

Алифбонинг ўзгариши мамлакат ва жамият ҳаётидаги энг муҳим ҳодисалардан бири саналади. Қолаверса, дунё аҳамиятига молик иш. Шу боис, Қонун лойиҳасида амалдаги алифбода расмийлаштирилган иш юритиш ҳужжатлари, миллий валюта, қимматли қоғозлар, шахсий ҳужжатларнинг ҳеч қандай монесиз муомалада қолиши алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Давлат органлари ва ташкилотларнинг рамзий белгилари, тамғалари, пешлавҳалар, кўрсаткичларнинг яроқсиз ҳолга келгунга қадар ёки белгиланган муддатгача ишлатилавериши назарда тутилган. Алифбога ўзгартиришлар киритилганини халқимиз тўғри қабул қилиши лозим. Ёзув – энг нозик масала. Бу борада етти марта эмас, ҳатто минг марта ўлчаб сўнг кесиш лозим. Ҳукумат ва тегишли идоралар шундай қилди.

Биринчидан, бугунги дунё кечаги дунё эмас. Шиддат билан ривожланмоқда, тараққиёт ўз йўлида битта ёзувни эмас, ўз келажагини, ўз халқи тақдирини ўйламаётган кўплаб халқларни ер юзидан бутунлай супуриб ташлаяпти. Тарихи саёз, миллий қадриятлари қашшоқ бўлган халқлар шундай тақдирга маҳкум.

Биз – ўзбеклар дунёда ўз ўрнига эга бўлган буюк миллатлардан биримиз. Бугунги тараққиётга монанд Уйғониш даврларини ўз бошимиздан бир неча бор ўтказганмиз. Ҳеч вақт тараққиётга қарши чиқмаганмиз, аксинча, унинг бошида турганмиз. Ҳозир дунёнинг етакчи давлатлари, халқаро ташкилотларнинг аксарияти лотин ёзувида иш кўрмоқда. Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига қўшилишни хоҳласа, умуминсоният юрган йўлдан юриши керак. Дунёнинг 30 фоиз аҳолиси лотин ёзувдан фойдаланади. Демак, ўз-ўзидан мазкур ёзувни танлашга эҳтиёжимиз бор.

Иккинчидан, тилларнинг ҳозирги мавқеи глобаллашган дунё талабларига, биринчи навбатда, ахборот коммуникацион технологияларига, рақамлаштиришга, сунъий интеллектга мослашган бўлиши лозим. Биз жонли сўзлашув тили, кундалик муомала тили билан бу талабга жавоб бера олмаймиз. Бизга кучли саноат, иқтисодиёт, молия ва кредит тизими, машинасозлик, транспорт инфраструктураси, шаҳарсозлик, аниқ ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг нафақат ривожи, балки тараққиёти керак. Бу эса минглаб тушунча ва терминларни ўз ичига олади. Аксарият терминлар европа тилларидан ўзлашган ва технологиялар ичида яшамоқда. Лотин ёзувини ўзлаштириш бу фақат инглиз тилини эмас, балки дунёда етакчи мавқега эга немис, француз, испан, португал каби тилларга ва янги ахборот технологияларига ҳам йўл очиш демакдир.

Учинчидан, ўзбек халқи этник нуқтаи назардан юзлаб уруғ ва қабилаларнинг бирикувидан ташкил топган. Ўзбек халқи ичида қарлуқ-чигил-уйғур, қипчоқ, ўғуз лаҳжалари вакиллари мавжуд. Шу боис, шева ва диалектларимиздаги фақат унли товушлар миқдори 6тадан 17-18тагача етади. Ундош товушларимиз сони ҳам ҳар хил. Яна бир муҳим масала. Дунёда ўзбек ва тожик халқичалик бир-бирининг ичига кириб кетган ва тарихи, дунёқараши, маданияти, эътиқоди, маънавияти яқин бўлган халқлар бўлмаса керак. Шу боис, мамлакатимизда ҳамма истаган ва илгари сурган алифбо вариантларини қабул қиладиган бўлсак, ўртада ҳудудлараро тушунмовчиликлар, ҳар хилликлар келиб чиқади.

Маълумки, халқаро ёзув тизимида “1та товушга 1та ҳарф” тамойилига амал қилинади. Компьютер, ноутбук, нетбук, уяли телефон ва бошқа техник қурилмаларнинг клавиатураларида ҳарфлар алоҳида олинган. Олдинги Sh sh, Ch ch,O‘ o‘, G‘ g‘ ҳарфларини ёзиш учун иккита тугмани босиш керак бўлар эди. Демак, иккита тугмани босиш заҳматидан қутилдик. Муаммо Ș șÇ çӦ ӧĞ ğ Ș ș ҳарфларининг амалдаги клавиатураларда йўқлигида. Ҳукумат бу ҳақда ҳам маълумот берди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Холбўтаевнинг таъкидлашича, алифбога ўзгартириш ишлари ўн йилдан буён муҳокама этиляпти. Ҳозирги вариант 5-вариант саналади.

Мазкур алифбонинг энг муҳим хусусияти унинг рақамли технологияларга мослаштирилганига бориб тақалади. Мутахассислар клавиатурада ҳарфларни алмаштириш учун маъқул катакчаларни белгилашган, матнларни янгиланган алифбога ўтказувчи атоматик дастурларни ишлаб чиқишган. Хуллас, ғишт қолипдан кўчди. Ёзув остида миллат келажаги, кейинги авлодлар босиб ўтадиган минглаб йиллар турибди. Эътироз билдираётган бир пайтлари собиқ иттифоқда ўзбек тили табиатига мутлақо жавоб бермайдиган ц, е, ё, ю, я ҳарфлари ва ь (юмшатиш белгиси)ни ўрганганларини ва ёзганларини эслаб қўйишса, яхши бўлар эди.

Ҳукумат араб ёзувига ва кирилл ёзувига ҳеч қандай тўсиқ қўйгани йўқ. Улардан эҳтиёжга қараб фойдаланилаверилади. Энди бутун куч-қувватни алифбонинг янгиланган вариантини тарғиб қилиш, босқичма-босқич уни ҳаётга татбиқ этиш учун сарфласак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, бу ёзув энди ўзбек тилидаги миллий корпуслар, электрон луғатлар, автоматик таржима тизимлари, нутқни матнга айлантириш технологиялари, матнни автоматик таҳлил қилиш дастурлари, дарсликлар, илмий асарлар, электрон маълумотлар базалари, дастурий таъминотларда ва рақамли платформаларда кенг йўл очиб беради. Бу биз учун ҳаёт-мамот масаласидир.

Абдулҳай Собиров,

Андижон давлат университети профессори,

филология фанлари доктори