Атрофга назар

Йўл ҳаракати қоидалари – ҳаёт кафолати


11.04.2026   6

Ҳозирги замонда транспорт воситалари инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Автомобиллар, автобуслар, юк машиналари ва бошқа турдаги транспортлар иқтисодиётнинг барча соҳаларида муҳим ўрин эгаллаб, аҳолининг кундалик турмушини анча енгиллаштирмоқда. Бир манзилдан иккинчисига тез ва қулай етиб бориш имконияти вақтни тежаш, иш самарадорлигини ошириш каби ижобий натижаларни бермоқда. Бироқ транспорт воситалари сонининг ортиши билан йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, шаҳарларда транспорт оқимининг кескин кўпайиши, тирбандликлар, айрим ҳайдовчиларнинг қоидаларга нисбатан бепарволиги йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Тезлик меъёрларини ошириш, маст ҳолда улов бошқариш, хавфсиз масофага амал қилмаслик, светофор сигналларига риоя этмаслик ва пиёдаларга йўл бермаслик каби қоидабузарликлар оғир оқибатларга олиб келмоқда.

Кейинги йилларда йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатлар жамоатчиликни жиддий ташвишга соляпти. Ҳодисаларнинг асосий қисми ҳайдовчилар томонидан қоидаларни қўпол равишда бузиш билан боғлиқ. Демак, муаммонинг ечими, аввало, ҳар бир ҳаракат иштирокчисининг онги ва маданиятига боғлиқ.

Айниқса, жамиятда вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат берилиши хавотирли ҳолат. Айрим ота-оналар буни оддий машқ ёки ўрганиш жараёни деб ҳисоблайди. Аслида бу жуда хавфли ва масъулиятсиз қарор ҳисобланади. Чунки вояга етмаганларда йўл ҳаракати қоидаларини тўлиқ англаш, вазиятни тўғри баҳолаш ва фавқулодда ҳолатларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмалари етарли даражада шаклланмаган бўлади. Бу нафақат уларнинг ўзига, балки бошқаларга ҳам жиддий хавф туғдиради.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар томонидан транспорт бошқарилаётгани акс этган видеолар тез-тез тарқалмоқда. Бу каби ҳаракатлар фожиали оқибатларга олиб келаётгани ачинарли. Жамоатчиликни ларзага солган ҳолатлардан бири сифатида вояга етмаган ҳайдовчи томонидан хизмат вазифасини бажараётган ходимга етказилган ҳалокатли зарба мисол бўла олади. Бу воқеа барчани яна бир бор огоҳликка чақирди.

  • Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда қонунчиликда ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда, - дейди Жиноят ишлари бўйича Андижон туман судининг тергов судьяси Ш.Ваҳобов. -Жумладан, 2025 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига янги 261¹-модда ва 2612-моддаси киритилди. Унга кўра транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш ёки тиббий текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби ҳаракатлар учун аввал маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан кейин бир йил ичида қайта содир этилса, бу ҳолат жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради. Шунингдек, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахснинг транспорт воситасини бошқариши ҳам, агар бу ҳаракат маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорланса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш натижасида инсонларга тан жароҳати етказиш ёки уларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ҳолатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасида жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Таъкидлаш керак, қонунлар қанчалик қатъий бўлмасин, асосий омил — инсоннинг ўзи, унинг маданияти ва масъулиятидир. Ота-оналар эса бу борада алоҳида ўрнак бўлиши лозим. Фарзандларга транспорт воситасини бошқаришга рухсат беришдан олдин унинг оқибатларини чуқур англаши зарур. Чунки биргина бепарволик бутун бир оиланинг фожиасига айланиши мумкин.

Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва яқинларимиз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим бурчдир. Ҳар бир ҳайдовчи ва пиёда йўлдаги ҳаракат маданиятини оширса, ўзаро ҳурмат ва масъулиятни ҳис қилса, нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш мумкин. Зеро, хавфсиз йўл тинч ва фаровон жамият гаровидир.

Н. ПАРПИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Андижон туман судининг раиси.