Андижонда

ЖАЛАҚУДУҚ: маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланяпти


20.12.2024   587

Давлатимиз раҳбарининг “2024 йилда маҳаллалар инфратузилмасини янадаяхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”гиқарорига мувофиқ вилоятимизга 109 млрд. 300 млн. сўм маблағ ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан шаҳар ва туманларнинг 47 та ички кўчаларидаги 71 км. йўлни таъмирлаш, 23 та маҳаллада ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 88 км узунликда қувур тортиш ва 23 та сув иншоотларини қуриш, 4 км. масофага газ қувурини тортиш, газлашмаган 1000 та хонадонга суюлтирилгангаз баллонларини етказиб бериш, 72 та маҳалладаги электр энергияси билан боғлиқ муаммоларнинг ижобий ечимини таъминлаш учун 33 км. узунликда кабель тортиш, 56 та трансформатор пунктларини ўрнатиш белгиланган. Бу борада Жалақудуқ туманида ҳам ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

  • Бу кунни биз узоқ йиллар давомида кутгандикда. Сабаби, кўчаларимиз охирги марта 1990 йилда асфальтланган эди. Орадан ўтган йиллар давомида у таъмирталаб аҳволга тушиб қолганди. Энди бўлса ёзда чанг, қишда лой кўчалар тарихга айланди. Қаранг, қандай кенг ва равон йўлимиз бор! – дейдитумандаги Бўстон маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Орифжон Акбаров.

Ориф отанинг қувонганича бор. Ахир фаровон турмушнинг асосий белгиларидан бири йўлдир. Оддий мисол, узоқ-яқиндан келган меҳмонлар манзилга таъриф берар экан, энг аввало, йўлга баҳо берадилар. Лой кўчалар киши кайфиятини бузибгина қолмасдан, эртанги кунга бўлган ишончини сўндиради. Таъмирланган йўлда юриш эса бугунги кунидан миннатдорлик ҳиссини уйғотади. Бўстон маҳалласида 3 та кўча тўлиқ таъмирланди. 1 млрд. 650 миллион сўм маблағ ҳисобига 4,4 км.дан иборат ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Бу орқали 3200 нафар аҳолининг мушкули осон бўлди.

Ҳаётимизни сувсиз тасаввур этиб бўлмайди. Кундалик фаолиятимизда ҳам унинг ўрни беқиёс. Ичимлик суви таъминотидаги муаммолар аҳоли турмуш шароитига жиддий таъсир кўрсатади. Афсуски, тумандаги иккита маҳаллада бу борада фуқароларни қийнаб келаётган масалалар мавжуд эди.

  • Кўчамизнинг номи “Оби ҳаёт” бўлсада, аслида ичимлик сувига зор эдик, – дейди Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи Зарнигорхон Қосимова. – 40 йилдирки, сув маълум масофадан ташиб келинарди. Ярим кун вақт шу ишга сарфланарди. Ҳозирда ҳар бир хонадонга сув жўмраклари ўрнатилди. Шароит борлиги учун ошхона, ҳоммомлар қурилди. Аввалгидек, ариқдаги сувда юз-қўлимизни ювишлар энди йўқ.
  • Шу йилнинг август ойида бошланган бунёдкорлик ишлари натижасида қайсидир маҳаллада сув таъминоти яхшиланган бўлса, бошқасида электр энергиясига доир муаммолар бартараф этилди, йўллар таъмирланди, – дейди туманнинг Охунбобоев шаҳарчасида яшовчи Фаҳриддин Аҳмадалиев. –Бу ўзгаришларни кўрган ҳамюртларимиз ўз хонадонига ҳам янги ҳаётни олиб кирмоқда. Сабаби, биз хоҳлаймизми-йўқми, уй ичидаги турмушимиз маҳалламиз инфратузилмасига боғлиқ. Шунинг учун Президентимизнинг ҳудудларни комплекс ривожлантиришга доир қарори ҳалқимиз турмуш шароитини тубдан яхшилашга бўлган эътибор ифодасидир, дейман.

Ушбу маҳалладаги 110 та хонадонда яшовчи аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 2 млрд. 42 миллион сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилди. Унга мувофиқ 2 км. тармоқ тортилиб, 1 та сув қудуғи ишга туширилди. Ҳудди шундай саъй-ҳаракат туманнинг энг олис ҳудуди ҳисобланмиш Қутлуғ маҳалласида ҳам бажарилди. Бу ерда фойдаланишга топширилган сув минораси аҳлининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондиряпти.

  • Ҳар бир хонадонга сув жўмраклари олиб кирилиб, сув ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди, – дейди “Тараққиёт” кўчасида яшовчи Дилнозахон Миролимова. – Сув сарфи ҳам, тўлов ҳам тежаляпти. Ҳозирда бир ойда аввалгига нисбатан 4-5 баробар кам пул тўлаяпмиз.

Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари аҳолини электр энергияси таъминотидаги муаммолар ташвишга солади. Бу ўй-хаёл жалақудуқликларни ҳам четлаб ўтмаган, албатта. Ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш орқали бу борадаги масалаларга ҳам ечим топилди. Мисол учун, Ғозичек маҳалласида барпо этилаётган 110 киловаттли министанциянинг қуввати 10 минг киловаттга тенг. У орқали нафақат аҳолининг, балки тадбиркорлик субъектларининг ҳам электр энергиясига бўлган талаби тўлиқ қондирилади. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач,унга 76 та трансформатор уланади. Натижада 35 минг нафар аҳоли ва 50 дан ортиқтадбиркорнинг бу борадаги муаммоси ҳал бўлади.

– Ўтган йилги қиш мавсумида трансформаторга ҳеч ёлчимадик, – дейди меҳнат фахрийси Муродил Жўраев. – Эскилиги боис сал шамол бўлса ишламай қолаверарди. Аҳоли сони кўпайгани учун қуввати етмаётганди. Бу йил қай бир кўчага разм солманг, янги трансформаторга кўзингиз тушади. Энди хонадонимизда чироқ ўчмас экан, деб хурсанд бўляпмиз!

Жалақудуқ туманида қарор ижросини таъминлаш доирасида 5,1 млрд. сўм маблағ ҳисобига 7 та объект инфратузилмасини ривожлантириш белгиланган. Айни пайтга қадар кўзланган вазифаларнинг 90 фоизи ҳаётга тадбиқ этилди. Обод бўлган манзиллар қиёфасини жалақудуқликларнинг очиқ чеҳрасию бахтиёр табассумида кўриш мумкин.

Саминжон ҲУСАНОВ.