Атрофга назар

ЖАМИЯТДА ЗУЛМГА ЎРИН ЙЎҚ


19.09.2024   42

Сўнгги вақтларда жамиятда содир бўлаётган зўравонлик, зулм, ожизларга куч ишлатиш каби ҳолатларга ижтимоий тармоқлар орқали тез-тез гувоҳ бўлмоқдамиз. “Тошбағир инсонлар нега бунчалар кўпаймоқда? Нима учун зулм ва зўравонлик ортмоқда?” деган саволлар атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмаган уйғоқ фикрли кишиларни ўйлантираётгани бор гап.

Кейинги йилларда жамиятда, оилаларда зулмга, зўравонликка қарши курашиш борасида кўплаб янги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди. Уларнинг тарғиботи кенг кўламда амалга ошириляпти. Аммо афсуски, ҳаётимизда зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар камайгани йўқ.

Келинг, зўравонлик ва унинг келиб чиқиши сабаблари, оқибатлари ҳамда жамиятда зулмга барҳам бериш учун нималар қилиш зарурлигини таҳлил қилиб чиқсак.

Давлатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг негизида, аввало, инсон олий қадрият эканлигини эътироф этувчи ғоя мужассам.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва Кенгаш доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат. Биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади. Иккинчидан, биз гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатъий давом эттирамиз”, деб таъкидлаган.

Юқоридаги фикр, жамиятни демократлаштириш жамиятда умуминсоний қадриятлар, инсон ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида эътироф этилишини назарда тутган.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир неча моддаларида инсоннинг ҳаёти, соғлиғи ва шаъни дахлсизлигига бўлган ҳуқуқлар кафолатланган, шунингдек, шахсга зўравонлик қилиш ва унинг қийноққа солиниши мумкин эмаслиги мустаҳкамланган. Жумладан, Бош қомуснинг 24-моддасига биноан, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят экани, 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги баён этилган.

Инсонга зўравонлик қилиш, унга жисмоний ва руҳий азоб етказиш ҳамда унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлашга сабаб бўладиган қилмишлар учун қонунларга мувофиқ жавобгарлик назарда тутилган. Шахсга зўравонлик қилиш, жисмоний шикаст билан бир вақтнинг ўзида жабрланувчига жиддий маънавий зарар ҳам етказади, айрим ҳолларда маънавий зарар оғир оқибатларга сабаб бўлади. Айни дамда жамиятимизда мавжуд зўравонликнинг латентлик даражаси жуда юқори бўлиб, бунга оид махсус статистик маълумотлар ишнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттира олмаётганини ҳам таъкидлаш зарур.

Хусусан, биргина Андижон тумани мисолида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар таҳлил қилиб ўрганилганда, туман ички ишлар органларига тиббиёт муассасаларидан бир йилда 1000 га яқин зўравонлик билан баданга шикаст етказилганлиги тўғрисида хабарлар келиб тушган. Бундай ҳолатлар кўп бўлишига қарамай, амалиётда айни соҳада айрим камчиликлар кузатилмоқда. Хусусан, судда ички ишлар ходимлари томонидан жиноят ишини қўзғатиш рад этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка доир материаллар кўриб чиқилганда, уларнинг катта қисми жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлмаса-да, ишни қўзғатиш рад этилгани аниқланган. Бундан ташқари, суд амалиётини ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилишда, жабрланувчига нисбатан содир этилган муттасил дўппослаш, хўрлаш, қийнаш, вояга етмаган шахсга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш каби ҳолатлар ёритилмай, жиноят объекти сифатида баданга шикаст етказишга асосий эътибор қаратилиб, ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғри баҳоланмаган.

Буларнинг барчаси, зўравонликнинг ўзига хос жиҳатлари етарли кўламда ўрганилмагани ва унга қарши курашда ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий, тарбиявий ва бошқа таъсир чоралари мажмуини ишлаб чиқиш ва изчиллик билан татбиқ этиш зарурияти мавжудлигини кўрсатади.

Бунда зўравонликка қарши курашда жиноий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликни белгиловчи ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштириш ва пировардида уларнинг самарадорлигини ошириш юқоридаги салбий ҳолатга қарши курашнинг таркибий ва ажралмас қисми деб ҳисоблаймиз.

2023 йил 11 апрель кунги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Жиноят кодексига янги 1261-моддасига Оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди, маъмурий жавобгарликка оид кодексга ҳам зўравонлик билан боғлиқ қилмишларга қарши қатор нормалар киритилди ва суд амалиётида юқоридаги нормалар кенг қўлланилиб, тажовузга учраган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, зўравонлик бошқа шахснинг дахлсизлиги ва соғлиғига қўпол тажовуз қилиш орқали унинг шаъни ва қадр-қимматини камситади. Бундай ҳолатларда, одатда, ҳимоясиз ва етарли даражада ҳимояланмаган инсонлар зарар кўрадилар. Бундайлар қаторига аёллар, болалар ва қарияларни киритишимиз мумкин. Зўрлик ишлатиш ва қийнаш, асосан оила-хўжалик муносабатларида кенг тарқалган. Зўравонлик натижасида жабрланувчилар нафақат жисмоний азобланадилар, балки бу унинг ўзи, ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошларининг руҳий ҳолатига ҳам ёмон таъсир кўрсатади. Зўрлик ишлатиб содир этиладиган қилмишнинг ижтимоий хавфлилиги ва оқибатларининг оғирлиги даражасига кўра бошқа ҳуқуқбузарликлар нисбатан оғирроқ ҳисобланади. Чунки бундай қилмишлар умуминсоний ахлоқ нуқтаи назаридан ҳам жиддий қораланади ва айбдорнинг зўрлик қилиши, унинг ахлоққа зид шафқатсизлигидан далолат беради.

Бугунги кунда Ўзбекистонда зўравонликдан жабр кўрган шахсларнинг реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйича электрон журнал ишлаб чиқилган ва бугунги кунда 197 та реабилитация марказлари фаолият юритмоқда. Маълумотга кўра, ушбу марказларда жорий йил август ойигача 20 мингдан ортиқ фуқаролар мурожаатлари қабул қилинган. Зўравонлик туфайли мурожаат этганларнинг асосий қисмини аёллар, болалар ва қариялар ташкил этишган.

Юқоридаги шахслар билан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, оиладаги зўравонликларнинг 95 фоизи турли оилавий-маиший можаролар сабаб содир этилган, сўралувчилар ушбу можароларнинг 35,5 фоизи бир неча ойдан буён давом этаётганини таъкидлашган. Содир бўлган зўравонликларнинг 88 фоизида куч ишлатилган, 76,7 фоиз жабрланувчилар уларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳақида илгари ҳеч қаерга хабар беришмаганини маълум қилишган. Бунинг асосий сабаблари сифатида, “ҳеч ким ёрдам бера олмайди”, деб ўйлаш, ҳеч кимга ишонмаслик, уйдаги гапларни кўчага олиб чиқмаслик, муаммони ўзи барҳам топишига ишониш, шунингдек, зўравон томонидан янада қаттиқроқ таъқибдан қўрқиб, уятдан, оиласининг бузилиб кетишидан, фарзандлари келажагидан ташвишланиб зўравонлик ҳақида хабар беришмаган.

Зўравонлик қилган шахслар характери ва уларни жиноятга бошлаган асосий мотивлар ўрганилганда асосан зўравонлар оилада ўз ҳукмини ўтказиш, турмуш ўртоғи ёки фарзандларнинг “ақлини киритиб қўйиш”, оиладагиларни ўз вазифасини тўлиқ бажармагани учун, шунингдек, шахсий ҳаёти, иш ёки ўқишдаги муваффақиятсизликлар, ишсизлик, оиладаги етишмовчиликлар, рашк, хиёнат, кўра олмаслик, ғаразлик, ўзаро ҳурматсизлик, маънавиятсизлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка берилиш каби иллатлар сабаб экани аниқланган.

Бундан ташқари, шахсда зўравонликни шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг таъсирини ҳам эътиборга олиш зарур. Чунки зўравонликнинг ахборот оламида намойиш этилиши жамиятда унинг қўлланиши эҳтимолини оширади. Умуман олганда, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотлар ва фильмларнинг тарқатилишининг хавфлилиги шундаки, зўравонлик саҳналарини ўз ичига олган видеосюжетларнинг кўп намойиш этилиши натижасида аҳолида ҳаётга, яхшилик ва адолат идеалларига ҳурматсизлик шаклланади. Айни вақтда инсон ҳар қандай конфликтни куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишга берилади. Юқорида санаб ўтилганларнинг барчаси ахлоққа зид, агрессив ғайриқонуний шахслараро муносабатларга олиб келади. Зўрликнинг сабабларидан яна бири бу ишсизлик ҳисобланади. Умуман, ишсизлик ҳуқуқбузарликларнинг ўсиши ва фуқаролар ижтимоий ҳаётий кўрсаткичларининг ёмонлашувини белгиловчи асосий омиллардан биридир. У бошқа салбий ижтимоий оқибатлар, жумладан зўравонликнинг сабабларидан бири ҳисобланади. Доимий даромад манбаининг йўқлиги биринчи навбатда оиланинг аҳволи ёмонлашувига олиб келади.

Юқоридагилардан хулоса қилиб, жамиятдаги зўравонликнинг сабабларини ўрганиб ва суд-тергов амалиёти натижаларига асосланиб, зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қуйидаги профилактик чора-тадбирларни амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Яъни ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка қарши изчил ва қатъий кураш олиб бориш, оилавий ва бошқа маиший конфликтлар негизида содир этиладиган жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларга ўз вақтида таъсир кўрсатиш, профилактика ишининг сифатини яхшилаш, оммавий ахборот воситаларида шафқатсизлик ва зўравонликнинг тарғиб қилинишига, ижтимоий онгда зўрликнинг қораланмаслигига, ёшлар ҳаётдаги муаммоларни ҳал қилишнинг зўравонликка, куч ишлатишга асосланган ғайриқонуний йўлларга қараб мўлжал олишларига қарши ҳаракат қилиш, оммавий ахборот воситаларини қонунга бўйсунувчи фуқаро образини тарғиб қилишга кўпроқ йўналтириш, зўравонлик билан боғлиқ қонунбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш зарур.

Албатта, зўравонликка қарши курашда унинг учун белгиланган ҳуқуқбузарлик ёки жиноий жавобгарликни кучайтириш бу қилмишнинг ижтимоий хавфига барҳам беради, деб ўйлаш нотўғри. Мазкур турдаги қилмишлар миқдорини энг кам даражага қадар камайтириш учун маъмурий ва жиноят-ҳуқуқий тақиқлаш нормалари билан бирга, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, тарбиявий, интизомий, ташкилий ва бошқа қатор чораларнинг бутун бир мажмуини ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ этиш лозимдир. Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш бўйича ҳаракатларни изчил амалга ошириш содир бўлаётган нохуш иллатларнинг камайишига олиб келиши аниқ.

Зафаржон Омонов,

жиноят ишлари бўйича Андижон тумани судининг раиси