Атрофга назар

ЖАЗИРАМА: СОҒЛИК ВА ТАОМЛАНИШНИ МЕЪЁРДА ҚАНДАЙ ТУТИШ КЕРАК?


20.07.2022   402

Инсон организми ҳар қандай иқлим шароитларига мослашиш хусусиятига эга. Лекин ёзнинг жазирамаси ва қишнинг қаҳратони айрим ҳолларда зарурий талабларга риоя этишликни тақозо қилади. Хўш, айни кунлардаги иссиқ ҳаво оқими қандай касалликларни авж олдиради, бундай саратонда қандай таомланишга риоя этган маъқул?

Жазирама юрак-қон томир касалликлари ҳамда семизликка чалинган инсонлар саломатлигига жиддий таъсир қилиши ва улардаги сурункали кечаётган касалликларнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ўта юқори ҳарорат юрак-қон томир тизимининг зўриқиб ишлашига олиб келади.

Шунинг учун турли нохуш асоратларнинг олдини олиш мақсадида тана вазни меъёрдан ортиқ бўлганлар, юрак-қон томир касалликларига чалинган инсонлар жазирама иссиқ иқлим шароитида дам олиш, меҳнат қилиш ҳамда таомнома режимига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.

Кунлик рациондан ёғлик таомлар ҳамда ширинликлар имкон қадар чиқарилиб юборилса мақсадга мувофиқ. Сабаби улар танада энергия ҳосил бўлишини кучайтиради ва тананинг қизиб кетишига сабаб бўлади, иссиқлик таъсирида сустлашган ошқозон-ичак тизими фаолиятини зўриқтиради. Суюқ таомлар, айрон, қатик, кефир каби сут маҳсулотлари мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш зарур, улар терлаш натижасида организм йўқотадиган сув, оқсил, витамин ва минерал тузлар ўрнини қоплашга ёрдам беради.

Жазирама кунларда юртдошларимизга энг яхши чанқоқбосди ичимликлар сифатида лимонли чой, кўк чой, шакарсиз кампотлар, айрон, нордон меваларнинг шарбатларини ичишларини тавсия қиламан. Ширин ва қуйиқ мева шарбатлари эса (масалан, ўрик, шафтоли ва узум) аксинча чанқоқни кучайтиради.

Қайнатилмаган сувни мутлақо ичмаслик зарур. Чунки унда турли хил юқумли ошқозон-ичак касалликларини чақирувчи микроб ва вируслар бўлиши ва улар қорин тифи, вабо, вирусли гепатит, ичбуруғ каби касалликларни юзага келтириши мумкин.

Айрим ҳолларда инсонлар орасида иссиқлик уриши ҳолати кузатилади. Бу ҳолат одамда тана ҳароратининг жуда юқори кўтарилиб кетиши, алаҳсираш, тиришиш-тортишиш (судорги) ва баъзида ҳушдан кетиш ҳолатлари билан кечади. Айни ҳол кексалар ва болаларда организмнинг юқори ҳароратига мослашув жараёнларининг сустлиги натижасида кузатилади. Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари мавжуд бўлган одамларда ҳам иссиқ уриши хавфи юқори бўлади. Иссиқ уришда биринчи ёрдам тана ҳароратини туширишга қаратилган бўлиши керак. Бунда асосан қандай ёрдам кўрсатиш лозим?

Ҳушдан кетганда, албатта, зудлик билан тез ёрдам чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар эса беморни тезлик билан салқин жойга олиб, ёнбошлаб ётказиш, бошига сочиқни ҳўллаб қўйиш, бўйинни сиқиб турган ёқадан бўшатиш, тор, қисиб турган кийимларни ечиш ва ўзига келса, сув ичириш керак.

Ҳаво ҳароратининг мунтазам кўтарилиши, организмни мослашув жараёнини издан чиқариши ва тананинг қизиб кетиши натижасида юзага келадиган касаллик холатларининг ривожланишига олиб келиши мумкин.

Шунинг учун ҳам айни кунларда юртдошларимиздан имкон қадар уйдан чиқмасликлари ва кўпроқ суюқлик ичишлари, соя-салқинларда бўлишларини сўраб қолардик.

Шоҳидбек НИШОНОВ,

РШТЁИМ вилоят филиали бош шифокори.