Атрофга назар

ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ


16.11.2022   208

Бугун ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ эканини кундалик ҳаётда кўриб турибмиз. Айтиш жоизки, мазкур омиллар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, шу жумладан, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга оширилишини кафолатлаш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини оширишда янада тўлароқ намоён бўлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 14 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам айни масалалар муҳокама марказида бўлгани бежиз эмас. Сўнгги олти йилда тизимга оид 50 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Йиғилишда қайд этилганидек, шу даврда ноҳақ айбланган 4 минг кишига оқлов ҳукми чиқарилган, 26 мингдан зиёд шахс суд залидан озод қилинган, 47 минг фуқарога нисбатан терговда қўйилган моддалар айбловдан чиқарилган. Демакки, соҳадаги ислоҳотлар самарасини бераётир.

Таҳлил қилинганда, ҳар йили ўртача 1 миллион 500 минг аҳоли судларга мурожаат қилиши аниқланган. Бироқ тан олиш керак, айрим вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият олмаётгани сабабли қабул қилинган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга мурожаат этиляпти.

Албатта, бунда адвокатларнинг ҳам ўз устида мунтазам ишламаётгани, янгича ташаббусларга қўл урмаётгани ҳам сабаблардан бири дейиш мумкин. Президентимиз томонидан судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича айтган фикрлари ҳар биримиз учун долзарб топшириққа айланиши зарур.

Шунингдек, давлат раҳбарининг жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш юзасидан берган вазифалари адвокатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Судлар фаолияти, аввало, инсон тақдирига, барча соҳалар тартиби ва тараққиётига дахлдор масала экан, бу борадаги ислоҳотларга дахлдорликни ҳам катта масъулият билан қабул қилишимиз керак.

Абдулфатто ЭГАМБЕРДИЕВ,

амалиётчи ҳуқуқшунос.